Ўзбекистон ва Туркия қатор келишувларни имзолади


  • 7 Июнь, 2024
  • 229

Туркия пойтахти Анқара шаҳридаги Президент саройида 6 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари бутун мусулмон уммати учун муқаддас бўлган Қурбон ҳайити билан бир-бирларини самимий қутлади.

Музокаралар давомида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш, кўп қиррали ҳамкорликни, аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестициялар кўрсаткичлари ортиб бормоқда, қўшма лойиҳалар ва корхоналар, авиақатновлар сони кўпаймоқда. Ўзаро маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

Ташриф арафасида бизнес форуми муваффақиятли ўтказилиб, унинг натижасида саноат, “яшил” энергетика, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик дастури доирасида янги лойиҳаларнинг катта портфели шакллантирилди.

Ҳукуматлар олдига товар айирбошлашни 5 миллиард долларга етказиш, жумладан, имтиёзли савдо битими доирасида маҳсулот турларини кенгайтириш вазифаси қўйилди. Истанбул шаҳрида Ўзбекистоннинг савдо ваколатхонасини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш ва рақамлаштириш соҳаларида ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Хавфсизлик ва мудофаа, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва мувофиқлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Томонлар фаол маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттиришга келишиб олди. Таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва спорт соҳаларида ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Икки давлат фуқароларининг борди-келдиси учун энг қулай шароитларни таъминлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши якунида Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма декларацияни имзолади.

Бундан ташқари, икки мамлакат раҳбарлари ҳузурида кўп қиррали шерикликнинг кўплаб соҳаларини қамраб олган 19 та ҳужжат имзоланди. Жумладан:

илмий алмашинув ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;

ҳудудий ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида битим;

стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишида техник кўмак кўрсатиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома;

космик фанлар, технологиялар ва тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;

қишлоқ хўжалиги таълими соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

энергетик ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

ахборот соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

кадастр масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома;

туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

оила институти ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

бошқарув кадрларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

ҳуқуқий соҳада малака ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома.

daryo.uz дан олинди.


Бошқа мақолалар