Мирзиёевнинг катта қизи янги ишга ўтди


  • 15 Ноябрь, 2022
  • 179

Президент администрациясида Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба ташкил этилган.

Президент фармойиши билан Саида Шавкатовна Мирзиёева Президент администрацияси ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири лавозимига тайинланди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, ушбу шуъба янгидан тузилган бўлиб, Президент администрацияси раҳбарининг жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсати учун масъул ўринбосари тизими таркибига киради.

Шунингдек, Саида Мирзиёева ижтимоий соҳа, маданият ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар ижросининг боришини ҳам назорат қилади.

Саида Мирзиёева 1984 йилда Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети битирувчиси, Тошкент давлат юридик университети, Ломоносов номидаги Москва давлат университети магистри, иқтисодиёт фанлари номзоди ҳисобланади.

Кўп йиллар давомида турли соҳаларда, шунингдек, 2019-2020 йилларда Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари бўлиб ишлаган. 2020 йилдан бугунги тайинловга қадар Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди васийлик кенгаши раисининг ўринбосари лавозимида эди.

«Унинг фаолияти давомида сўз эркинлигини таъминлаш, вазирлик ва идораларнинг очиқлик сиёсати, матбуот хизматларини жорий этиш, маданият соҳасини ривожлантириш ва гендер тенглик масалалари бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

kun.uz дан олинди. 


Бошқа мақолалар