- 2023-04-17
Қозоғистонда уйларни газлаштириш учун техник хусусият ҳужжатларини олиш жараёни қулайлаштирилди.
Энди бу хизматни электрон ҳукумат порталидан олиш мумкин. Бунинг учун фойдаланувчи “Газ тақсимловчи тармоққа уланиш учун техник хусусият ҳужжатларини бериш” бўлимига кириб, керакли ҳужжатларни илова қилгандан кейин компаниядан жавоб кутиши керак.
Ушбу хизматдан бугунги кунгача 9 мингдан ортиқ одам фойдаланган. Булар асосан жанубий вилоятлар аҳолиси бўлиб, аҳоли пунктларини фаол газлаштириш ишлари олиб борилаётган ҳудуд яшовчиларидир.
Мурожаатни кўриб чиқиш ва тегишли ҳужжатларни бериш беш иш куни ичида амалга ошади. Бу техник жиҳатдан мураккаб бўлмаган объектлар учун бўлиб, мураккаб объектларга жавоб 10 иш кунида келади.
“QazaqGaz Aimaq” ҲЖнинг Астана филиали техник ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Нурболат Мергалиев “Авваллари бу жараён кўп вақтни оларди. Чунки абонент келиб, ариза ёзиши керак. Ушбу ариза эксплуатация хизматига келиб тушади, у ерда техник тавсиялар кўрсатилади. Буларнинг барчаси қоғозда бўларди. Бугунги кунда эса техник хусусият ҳужжатларини олиш учун келишнинг ҳам ҳожати йўқ. Чунки ҳужжат мобил телефонга келади” деди.
Ҳужжатларни олгандан кейин абонент хусусий монтаж ташкилотига мурожаат қилади. Уларнинг рўйхатини компания ишлаб чиққан илова дастурдан топиш мумкин.