Путиндан сулҳ шартлари


  • 15 Июнь, 2024
  • 89

Россия президенти Владимир Путин Швейцарияда 15-16 июнь куни ўтказиладиган тинчлик конференциясидан олдин Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти билан учрашув вақтида мамлакат армияси Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши учун шартларни санади.  

Путин “Швейцариядаги конференцияга таклиф қилинмадик. Россиясиз, биз билан очиқ ва сермаҳсул диалог қурмасдан Украина ва Европа хавфсизлиги борасида ечим топиш имконсиз” деди.

Путинга кўра, Россиянинг асосий талаби Украина ўзига тегишли бўлган субъектлар – Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларидан ўз қўшинларини олиб чиқишидир. “Киев қўшинларни олиб чиқишни бошласа, биз тезда ўт очишни тўхтатишга буйруқ берамиз ва музокарага киришамиз”, деган Путин.

Россия президентига кўра, Украина ўзига тегишли бўлган юқоридаги тўрт вилоятнинг нафақат Россия босиб олган қисмидан, балки тўлиқ маъмурий чегараларидан чиқиб кетиши керак.

Путиннинг навбатдаги талабига кўра, Украина НАТОга киришдан тўлиқ воз кечиши, бу ҳақда эълон қилиши керак. Путин “Бугун яна бир ҳақиқий тинчлик шартномаси таклиф қилдик. Украина НАТОга киришдан воз кечиши керак. Гап конфликтни музлатиш ҳақида эмас, уни буткул тугатиш ҳақида кетмоқда”, деди.

“Бизнинг мақсадимиз – Украинанинг нейтралитети, блокларга кирмаслиги, ядросиз мақомда бўлиши, унинг демилитаризация ва денацификация қилиниши”, деб қўшимча қилди Путин. У уруш бошланганда Россиянинг “махсус ҳарбий амалиёти” айнан Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш эканини айтганди.


Бошқа мақолалар