- 2024-05-14
Жанубий Қозоғистон вилоятида истиқомат қилувчи тадбиркор вилоятга 5 миллиард евро инвестиция киритишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Байбек Шымырбаев вилоят ҳокими Жансеит Туймебаев билан учрашув вақтида буни таклиф қилди. Пулнинг миқдори нафақат ҳокимни, балки учрашувда иштирок этган бошқаларни ҳам ҳайратда қолдирди.
Махфий миллиардернинг гапига кўра, у Алмати шаҳрини ободонлаштириш учун шаҳар ҳокими Бауржан Байбекга 10 миллиард доллар ажратган. Қозоғистон иқтисодиётига эса 25 миллиард евро инвестиция киритишга тайёр. “Мамлакатимизнинг 25 йиллик мутақиллигига мен 25 миллиард евро совға қиламан. Бу маблағни шахсан президентга топшираман. Жанубий Қозоғистон учун эса 5 миллиард евро. Мен бундан бир манфаат кўзламаяпман. Бу менинг Қозоғистоним, менинг халқим. У энг яхши халқ” деди.
Ҳозир қўли очиқ ҳомийнинг ҳақиқатан ҳам шундай маблағга эгалиги текширилмоқда. Интернетда пул ўтказмоқчи бўлган фонддан ташқари, махфий миллиардер тўғрисида ҳеч қандай хабар йўқ. Ушбу фонд ҳақиқатан фаолият кўрсатади. Вилоят ҳокимияти матбуот хизмати кўплаб меморандумлар имзоланиши мумкинлигини айтмоқда.