Қўпол хўрандаларга “сариқ карточка”


  • 18 Июнь, 2024
  • 71

Дания пойтахти Копенгагенда ресторанлар ходимларининг иш шароитларини яхшилаш учун хўрандаларга мулойим муомала қоидаларини киритишмоқда. Энди ресторан ходимлари билан қўпол ва дағал муомалада бўлган хўрандаларга “сариқ карточка” жорий этилади.

Тадқиқотлар ушбу ташаббуснинг Дания пойтахтидаги умумий овқатланиш саноатига қандай таъсир кўрсатишини аниқлади. Янгиликларнинг энг машҳури хўрандалардан ўзларини мулойим тутиш бўйича ваъдаларини олиш бўлди.

Энди ресторанда столни онлайн буюртма беришда фойдаланувчи ўзини муносиб тутиш бўйича бурчини тасдиқлаш учун маълум жойга белги қўйиши керак. Белги қўймаган тақдирда буюртма бера олмайди.

Копенгагенда 30 дан ортиқ филиалларга эга бўлган “Madklubben” ресторан тармоғининг кадрлаш билан ишлашга масъул Анна Бро Алкэр “Биз йил бошидан сайтимизда хавфсизлик сиёсатини юрита бошладик. Бу меҳмонларимизга ходимларимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш кераклигини эслатиб туради. Афсуски, шундай йўл тутишга мажбур бўлдик” деди.

Умумий овқатланиш саноати ходимлари фақат ҳамкасблари билан алоқада бўлмай, балки бизнесларининг асоси бўлган кенг омма билан ҳам ўзаро муносабатда бўлади. Ҳамкасблар орасида юзага келган муаммоларни ҳал этиш учун муайян қоидалар мавжуд бўлиб, лекин хўрандаларнинг ўзларини номуносиб тутишлари “клиент ҳамма вақт ҳақ” деган тамойилга кўра сояда қолиб кетади. Шуларни назарда тутган ҳолда футболдагидек сариқ карточка қоидаси жорий этилди.

Агар ходим хўранда тарафидан қўполликка ёки ҳақоратга учраса, у менеджерига мурожаат қилиб, сўнгра хўранда столига сариқ карточкани огоҳлантириш тариқасида қўйиб кетади. Бу ҳам ёрдам бермаса, хўрандалардан ресторанни тарк этиш талаб қилинади.


Бошқа мақолалар

  • 2018-06-02
Қотил АҚШ