- 2017-05-01
Қозоғистон фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек энди ректор лавозимига номзодлар 3 йиллик муддат билан 2 мартадан ортиқ лавозимни эгаллаши мумкин эмаслигини маълум қилди.
Матбуот анжуманида журналистлар вазирдан Қозоғистондаги олий ўқув юртларда 10-15 йилдан бери ректорлик лавозимида ишлаб келаётганлар масаласи қандай ҳал этилиши ҳақида сўрашди.
Саясат Нурбек “Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Ҳозирда тегишли ўзгартиришлар киритилди. Жорий йилнинг апрель ойидан ректорликка номзодлар лавозимда икки муддатдан ортиқ ишлай олмайди. Бир муддат уч йилни ташкил этади. Бир университетда икки муддатдан ортиқ қолиши мумкин эмас” деди.
Вазирнинг сўзларига кўра, ҳозирда ректорликка номзодларга талаблар кучайтирилди.
Вазир “Бундан буён ректорларнинг академик соҳадаги фаолиятига талаблар кучайтирилди. Энди ректорлар академик соҳада камида 10 йил, жумладан 5 йил раҳбар академик лавозимида ишлаган бўлиши лозим. Илмий даражаси бўлиши шарт ва инглиз тили бўйича билими юқори бўлиши лозим” деди.
Журналистлар ушбу талаблар ҳозирги кунда 10 йилдан лавозимни эгаллаб келаётган ректорларга тегишли бўлиш-бўлмаслиги ҳақида сўрашди.
Саясат Нурбек “Қозоғистонда базавий қонунчилик тамойиллар мавжуд. Янги қонун аввал қабул қилинган қарорларга таъсир қилмайди. Шунинг учун ректорларнинг шартнома муддати тугагандан кейин янги талаб асосида қарор қабул қилинади”, деди.