- 2023-12-29
Ўзбекистонда трансчегаравий жиноий гуруҳ ишига барҳам берилди. Улар Қозоғистон орқали Ҳиндистондан келтирилган йирик дори партияларини тунелдан Ўзбекистон ҳудудига олиб киришган.
Ўзбекистон давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, дорилар Деҳлидан Алмати шаҳрига келтирилган. Сўнгра юк чегарадаги Туркистон вилояти Сариағаш тумани Дўстиқ қишлоғига келтириб, яширин тунел орқали Тошкент вилояти Тошкент тумани Ўрикзор маҳалласига ўтказилган.
310 метр узунликдаги тунел Ўрикзор маҳалласидаги 1975 йили туғилган Ўзбекистон ватандошининг уйидан чиққан. Тунел вентиляция ва ёритиш қурилмалари билан жиҳозланиб, юкларни ташиш учун аравачалар ҳам қўйилган.
Жиноий гуруҳдан Ҳиндитстонда ишлаб чиқарилган жами 17 минг 48 та қути дори мусодара қилиниб, уларнинг баҳоси 1 миллиард сўмдан ортиқроқ (тахминан 80 минг доллар) эканлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, бир неча киши ҳибсга олинди.