- 2023-04-17
АҚШ президенти Жо Байден 21 июл куни янги президентлик муддати учун курашмаслигини маълум қилди. Бу ҳақдаги хабар унинг X ижтимоий тармоғидаги аккаунтида пайдо бўлган.
Байден мактубида “Сизнинг президентингиз сифатида хизмат қилиш ҳаётимдаги энг катта шараф бўлди. Мен қайта сайланиш ниятида бўлган бўлсам-да, ўз партиям ва мамлакатим манфаатлари учун чекинишим ва қолган муддат давомида фақат президентлик вазифамни бажаришга эътибор қаратишим керак деб ҳисоблайман”, дейилган.
Жо Байден Демократик партиядан вице-президент Камала Ҳаррисни президентликка номзод сифатида кўрсатишни таклиф этган. У “2020 йилда партия номзоди сифатидаги илк қарорим Камала Ҳаррисни вице-президент сифатида танлаш бўлганди. Бу менинг энг яхши қарорим эди. Бугун мен Камаланинг бу йилги сайловда партиямиздан номзод бўлишини тўлиқ қўллаб-қувватлашим ва маъқуллашимни билдирмоқчиман” деди.
Доналд Трамп Байденнинг сайловдан чиқиш қарорига биринчилардан бўлиб муносабат билдирди ва CNN телеканалига берган интервюсида уни “мамлакат тарихидаги энг ёмон президент” деб атади. Шунингдек, у Байден “президентлик сайловида иштирок этишга лойиқ номзод бўлмагани ва бу лавозимга умуман муносиб эмаслиги”ни таъкидлаган. Трамп “У президентлик лавозимига фақат ёлғон, сохта хабарлар ва ўз ертўласидан чиқмасдан эришганди. Унинг атрофидагиларнинг барчаси, жумладан унинг шифокори ва оммавий ахборот воситалари у президент бўлишга лаёқатли эмаслигини биларди ва шундай бўлди ҳам”, деб ёзди.
Вакиллар палатаси спикери, республикачи Майк Жонсон Байден президентлик ваколатларини топшириши кераклигини айтган. “Агар Жо Байден президентликка номзод бўла олмаса, у президент ҳам бўла олмайди. У дарҳол ваколатларини топшириши лозим. Биз 5 ноябргача кута олмаймиз”, — деган Жонсон.
Жо Байден Доналд Трамп билан дебатларда муваффақиятсизликка учраганидан қарийб бир ой ўтиб ўз номзодини қайтариб олмоқда. Байден ва Трамп ўртасидаги илк дебат 27 июн куни ўтказилган ва кўплаб экспертлар ҳамда томошабинлар фикрича, унда Республикачилар партияси номзоди ғолиб чиққанди. Шундан кейин Демократик партия вакиллари Байденни сайловолди пойгасидан чиқишга ундай бошлашди. Бундай чақириқ 30 нафар америкалик конгрессмен томонидан билдирилди. Байден эса охирги вақтларга қадар ноябрдаги сайловда иштирок этиб, ғолиб чиқиш ниятидалигини айтиб келарди.
Байден президентлик пойгасидан чиқиш қарорини ковид туфайли кааратин ҳолатида қабул қилган. Оқ уй 17 июл куни Жо Байденнинг коронавирус учун топширган тести мусбат натижа берганини маълум қилганди. Президентда ковиднинг “енгил аломатлари” кузатилган. Байден Делавэр штатидаги уйида ўзини карантинга олинган. 21 июл куни президентнинг шифокори Кевин ОʼКоннор Байденнинг ҳолати анча яхшиланганини айтган.
Бу сўнгги ўн йилликларда АҚШнинг амалдаги президенти навбатдаги сайловда ўз номзодини қайтариб олиши билан боғлиқ илк ҳолат. Бунгача бу каби охирги ҳолат 1968 йилда АҚШнинг 36-президенти Линдон Жонсон муваффақиятсиз сайловолди кампанияси туфайли иккинчи муддатга сайланмасликка қарор қилганида кузатилганди.
Байден сайлов пойгасидан чекинганидан кейин вице-президент Камала Харрисни ўз ўрнига номзод сифатида кўрсатди ва уни қўллаб-қувватлашини билдирди. Демократлар партияси ҳам Харрисни номзод сифатида тасдиқлади.