- 2019-03-20
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон халқига мурожаатида атом электр станцияси қурилиши бўйича референдум ўтказиш санасини маълум қилди.
Президент референдум 2024 йил 6 октябрь куни ўтказилишини айтди.
Тўқаев: “Глобал энергия танқислигини ҳисобга олган ҳолда бизнинг ишончли ва экологик тоза энергия манбаига эҳтиёжимиз жуда юқори. Шунинг учун, назаримда, атом энергиясини ривожлантиришга эътиборни кучайтиришимиз лозим. Ушбу усул бизнинг жуда тез суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимизнинг талабларига жавоб бера олади. Ҳозирга кунда 30 та тез ривожланаётган давлатда 200 га яқин АЭС фаолият кўрсатмоқда. Биз ўз миллий манфаатларимизни ва ўлкамиз хусусиятини инобатга олган ҳолда келажак ҳақида ўйлашимиз керак. Шунинг учун мен доимо АЭС қурилишида жамият фикрини инобатга олган ҳолда ўйланган қадам ташлаш зарурлигини таъкидлаб келганман”, деди.
Президент таъкидлашича, давлат учун муҳим бўлган ҳар қандай қадам халқ қўллаб-қувватлови орқали амалга ошиши лозим. АЭС қурилиши бўйича ўтказиладиган референдум ҳам шулар жумласидан.
Президент: “Референдум ўтказилиши ҳақида мен ўтган йили гапиргандим. Яъни ушбу масала кун тартибида турганига бир йил бўлди. Ватандошларимиз бу масалада бир қарорга келиши учун шу муҳлат етарли деб ҳисоблайман. Шу тарафдан ҳукуматнинг таклифини қўллаб қувватлайман. АЭС қурилиши бўйича умумхалқ референдуми жорий йилнинг 6 октябрида ўтказилади. Бугун мен тегишли фармонни имзолайман”, деб гапирди.