Туркия БРИКСга аъзо бўлмоқчи


  • 3 Сентябрь, 2024
  • 112

Туркия БРИКСга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар агентлиги хабар бермоқда.

Расмий Анқара ўзининг глобал нуфузини орттириш ва ғарбдан бошқа ўлкалар билан янги алоқаларни ўрнатишга уринмоқда. Бу билан бирга Туркия НАТО аъзоси сифатида ўзининг мажбуриятларини бажаришда давом этади.

Хабарда “Туркиянинг БРИКСга аъзо бўлиш истагига НАТОдаги бошқа ўлкалар билан келишмовчилиги сабаб бўлган. Бу келишмовчилик эса расмий Анқаранинг Москва билан яқин алоқалари туфайли келиб чиққан” дейилган.

Бундан ташқари, кузатувчилар Туркия ҳали ҳануз Европа иттифоқи аъзоси бўла олмаганидан ҳам ҳафсаласи пир бўлганлигини айтишмоқда.

БРИКС 2006 йил Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой томонидан ташкил этилган. 2011 йили унга Жанубий Африка республикаси ҳам қўшилди. 2024 йил январь ойидан бошлаб ушбу ташкилотга Миср, Эрон, БАА, Саудия Арабистон ва Эфиопия тўлақонли аъзо сифатида қўшилди. 2009 йилдан буён БРИКСга аъзо давлатлар ҳар йили ўтказиладиган саммитларда учрашиб келмоқда. Бу йили Россия раислик қилаётган ташкилот аъзолари 22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида учрашув ўтказади.


Бошқа мақолалар