- 2024-09-05
Албания дунёда биринчи бўлиб сунъий интеллект орқали бошқариладиган виртуал вазирни ҳукумат таркибига қўшди. Бош вазир Эди Рама янги вазирнинг исми «Диелла» бўлишини ва у давлат харидлари учун жавобгар эканини эълон қилди.
Пойтахт Тиранада ўтказилган Социалистик партия йиғилишида нутқ сўзлаган Рама ҳукуматдаги ўзгаришларни маълум қилиб, биринчи рақамли аъзо — виртуал вазирни таништирди. Раманинг сўзларига кўра:
«Диелла — физик жиҳатдан мавжуд бўлмаган, сунъий зеҳн орқали виртуал шаклда ишлайдиган илк аъзомиздир».
Рама давлат тендерлари ва харидлари билан боғлиқ қарорлар эндиликда вазирликлардан ташқарида қабул қилиниши ва уларни Диелла амалга оширишини таъкидлаб:
«Албания давлат харидлари 100% порахўрликдан тозаланган, ҳар бир давлат маблағи ошкора бўлган мамлакатга айланади», — деди.
Бош вазир жараён босқичма-босқич амалга ошишини қайд этиб, қўшимча қилди:
«Бу фантастика эмас, бу — Диелланинг вазифасидир».
Кўплаб албан ватандошлари Диеллани ҳозирнинг ўзидаёқ давлатнинг рақамли хизматлар платформаси e-Albania орқали билишади. Анъанавий албан кийимларидаги ёш аёл аватари сифатида тақдим этилган виртуал вазир тендерларни кўриб чиқади, халқаро мутахассисларни ишга жалб қилади ва бюрократик тўсиқларни камайтиришни мақсад қилади.
Албания анчадан бери, айниқса давлат бошқаруви ва давлат харидлари соҳасидаги порахўрликка қарши курашиб келмоқда. Европа Иттифоқининг йиллик ҳисоботларида ҳам бу муаммо бир неча марта тилга олинган эди.