Бутунжаҳон кўчманчи халқ ўйинлари очилиши бўлди


  • 9 Сентябрь, 2024
  • 46

8 сентябрь куни Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрида V бутунжаҳон кўчманчи халқ ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу кенг миқёсли тадбир ўн минглаб томошабинлар ва 19 та давлатдан миллионлаб телетомошабинларни бирлаштирди.

Расмий тантанадан олдин Қозоғистон эстрада юлдузлари Дастан Оразбеков, Али Окапов, Ayree ва Тореғали Тореалилар ўз чиқишлари билан томошабинларга байрамона кайфият улашди.

Тадбирнинг тантанали қисми Қозоғистон мадҳияси остида ўлка байроғи олиб чиқилиши билан бошланди. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ушбу тадбирни тарихий воқеа деб атаб, бирлик ва бирдамлик байрами эканлигини таъкидлади.

Олий меҳмонлар орасида Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон халқ маслаҳати раиси Гунбангули Бердимуҳамедов, Татаристон раиси Рустам Минниханов ва Саха республикаси бошчиси Айсен Николаевлар бор эди.

Кўчманчи халқ ўйинларида иштирок этиш учун 89 та давлатдан спортчилар ташриф буюрди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида томошабинлар Қозоғистоннинг бой маданий меросини акс эттирувчи саҳналарга гувоҳ бўлишди.

Бутунжаҳон кўчманчи халқ ўйинлари ҳар икки йилда ўтказилиб келмоқда. У биринчи бор 2014 йили Қирғизистонда ўтказилган эди.

Бу йилги мусобақаларда 21 та спорт тури бўйича, 97 медал комплекти учун 2000 дан ортиқ спортчилар кураш олиб боради.

Спорт мусобақалари 8 сентябрдан 13 сентябргача давом этади.


Бошқа мақолалар