- 2023-12-29
Нурсултон Назарбоев мамлакатнинг йирик компания раҳбарларига Туркистон шаҳрида биттадан объект қуришга топширма берди. Йиғилишда Қозоғистон президенти тадбиркорлар давлат томонидан доимий равишда қўллаб-қувватлаб келинганлигини, энди улар ўз навбатида давлатни ривожлантириш учун ўз ҳиссаларини қўшиш кераклигини айтди.
“Базис-А” қурилиш компанияси раҳбари Александ Беловичга Туркистон шаҳрида театр биносини қуриш топширилди. Белович бу вазифани аъло даражада бажаришга ваъда берди. ENRC компанияси раҳбарларидан бири бўлган машҳур миллиардер Фаттоҳ Шодиевга Туркистонда туркий халқлар музейи қуриш вазифаси юклатилди. “Қазмунайгаз” миллий компания ҲЖ бошқарув раиси Сауат Мингбоевга эса халқаро талабларга мос стадион қуриш топширилди. "BI Group" холдинги “Қозоқ хонлари, бийлари ва ботирлари маркази” биноси, "Хайвилл Казахстан" турар жой биноси қуришни зиммасига олди. “Қозоғистон темир йўллари” миллий компанияси “Ёшлар саройи”, "KEGOC" эса Аҳмад Яссавийнинг мини музейини қуради. Бундан ташқари “Қазпочта” Туркистонда замонавий почта бўлими ва рақамли офис, “Қозоқтелеком” эса Smart-технологияларни жорий этади.
Маҳаллий тадбиркорлар ва турк компаниялари Туркистон қурилишига моддий жиҳатдан кўмак беришади. Бундан ташқари, йиғилишда бир қатор тадбиркорлар ва йирик компания вакиллари ТУркистон шаҳрида касалхона ва коллеж қуришга тайёр эканликларини билдиришди.
Президент Нурсултон Назарбоев ҳар бир объект қурилиши кимга топширилганини ўзига қайд қилиб олди. Йиғилишда президент янги вилоят марказини ривожлантириш учун ҳукумат ва вилоят раҳбариятига аниқ кўрсатмалар бериб “Шаҳар аҳолиси кўпайиши ва сайёҳлар келиши ортишига боғлиқ равишда ҳокимчиликка “Самруқ-қазина”, инфестиция ва ривожлантириш вазирлиги билан бирга Туркистон вокзалини реконструкция қилиш, унинг қабул қилиш даражасини орттириш, бундан ташқари аэропорт қурилиши ва авиаташувларни таъминлаш масалаларини кўриб чиқишни топшираман” деди.