- 2018-07-06
Атирауда Хиуаз Доспанова номидаги янги аэропорт мажмуаси қурилиши қачон ниҳоясига етиши маълум бўлди.
Транспорт вазирлиги хабар беришича, қурилиш 2026 йили тугатилади.
Вазирлик хабарида “Қатарлик инвестор янги аэровокзал қурилишини келгуси 2025 йил бошлайди. Бу билан бирга инфраструктурани замонавийлаштириш ва янгилаш ҳамда мавжуд аэропортни таъмирлаш ишларини бошлайди. Бу мақсадда инвестор томонидан 50 миллион доллар жалб қилиш режалаштирилган” дейилган.
Янги аэропорт майдони 16500 квадрат метрдан иборат бўлиши айтилмоқда. Лойиҳа доирасида уч телескопик трап ўрнатилиб, йўловчиларни самолётга киритиш ва чиқариш тезлашади.
Матбуот марказида “Атирау шаҳри Урал дарёсининг шарқ ва ғарб оқими бирлашадиган нуқтада жойлашган бўлиб, лойиҳага кўра бинонинг олд қисми шарққа қаратилади. Бундан ташқари бино стили ўрта аср Сарайшиқ шаҳри мотивлари асосида бажарилади. Перронга чиқиш томони эса ғарбга қаратилиб, ғарб стилида амалга оширилади” деб маълум қилишди.
Бугунги кунда Атирау аэропорти ҳафтасига 7 йўналишда 89 та ички мунтазам рейсларни амалга ошириб, 6 та йўналишда ҳафтасига 21 та халқаро рейсларни қабул қилмоқда.
Хабарда “Қурилиш ишлари ниҳоясига етгач йўловчи оқими йилига 800 мингдан 2 миллион 944 минг нафарга ошади. Бундан ташқари, парвозлар географиясини кенгайтириш режалаштирилган. Биринчи навбатда Европа ва Осиёнинг оммавий сайёҳлик ўлкаларига янги рейслар қўйилади” дейилган.