- 2020-01-04
АҚШдаги энг катта католик муассасалардан бўлган Лон-Анжелес епархияси 1300 дан ортиқ жинсий тажовуз даъвоси учун 880 миллион доллар товон тўлашга рози бўлди.
АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган католик Лон-Анжелес черковлар иттифоқи роҳиблар ва қарамоғидаги масъулларнинг жинсий тажовузига учраган 1353 кишига 880 миллион доллар товон тўлашга рози эканликларини маълум қилди.
Архиепископ Хосе Гомез муассасанинг расмий интернет саҳифасида чоп этилган хабарда “Мен бу ҳодисаларнинг ҳар бири учун чин қалбимдан афсусдаман. Бу келишув жабрланган аёл ва эркаклар учун озгина бўлса ҳам тасалли беради деб умид қиламан” деди.
Архиепископ Гомез товон пули черков жамоатининг хайр-эҳсонларидан эмас, “заҳиралар, инвестициялар, кредитлар ва бошқа архиепископлик мулклари ҳисобидан” тўланишини билдирди.
1353 нафар даъвогарнинг адвокати бўлган Морган Стюарт “Ушбу товон пули миқдорининг катталиги ҳимоясиз болаларга берилган зарарнинг катталигини ва архиепископликнинг ўнлаб йил мобайнида бу каби ишларга совуққонлик билан қараганлигини, ҳамтовоқ бўлганлигини ва ишларни босди-босди қилганлигини кўрсатмоқда” деди.
Бу ҳолат Лос-Анжелес епархияси учун биринчиси эмас. 2007 йили судда кўрилган бошқа бир жинсий тажовуз даъвосида 500 дан ортиқ жабрланувчига 660 миллион долларлик товон пули тўланганди. Шу тариқа епархия икки даъвода жабрланувчиларга жами 1,5 миллиард долларлик товон пули тўлаган.