- 2015-04-08
Сурия гражданлар уруши сабабли камида Исроилчалик мусулмонлар қонини тўккан давлат бўлган Эрон ва кучли бомбалари билан Насраллоҳни ўлдирган Исроил бир-бирларига уюштирган ҳужумларда сезиларли таъсир кўрсата олмаяпти.
25 октябрдан 26 октябрга ўтар кечаси Исроилнинг Эронга уюштирган ҳужуми яна бир бор Теҳрон-Тель-Авив орасидаги рақобатни халқаро ҳамжамият кун тартибига олиб чиқди. Исроил 3 соат давом этган ҳужумида 4 нафар эронлик ҳарбий ўлганлигини маълум қилди. Эроннинг Исроилга Ҳасан Насраллоҳ ўлдириши туфайли уюштирган ҳужумида эса Эрондан 200 та баллистик ракета отилганлиги эълон қилинганди. Лекин фақатгина ишғол остидаги Ғарбий Шариага тушган бир ракета сабабли бир киши ўлганлиги ва унинг ҳам фаластинлик мусулмон эканлиги маълум бўлди.
Ҳар ўлчамда маслаҳатли уруш эканлиги кундек равшан бўлган бу спектакл Эрон ва Исроил орасида давом этмоқда. Эрон Исроилни харитадан ўчириб ташлашни иддао қилса, Исроил ҳам Эронни террор давлат деб баҳолаб, Теҳронда бошқарувни ўзгартириш кераклигига диққат қаратмоқда.
Албатта, Теҳрон ва Тель-Авивдан чиқаётган ва бир-бирини айблаётган бу овозлар янгилик эмас. 1979 йили юз берган ислом инқилобидан бери бу икки ўлка бир-бирлари билан “уруш” ҳолида. Бу урушнинг қанчалик ҳақиқат эканлиги эса кўпчиликда савол туғдирмоқда. Гўёки Ўрта Шарқдаги бутун кучини Исроилнинг хавфсизлигини таъминлашга сарфлайдиган АҚШнинг Эронга қарши олиб бораётган кураши каби. Қандай дейсизми? Келинг 1986 йил ноябрь ойига қайтамиз.
Эронда ислом инқилобини амалга оширган кадрлар ҳукмронлигини “катта шайтон” деб номлаган АҚШ ва “кичик шайтон” деб номлаган Исроил билан курашга асослантирган. Бу ташқи таҳдид идроки 1979 йилдан бошлаб Эрон режимининг ўлка ичидаги оломонни мобилизация қилиш учун фойдаланиб келадиган таъсирли иддао. Лекин 1980 билан 1988 йиллар орасида юз берган Эрон-Ироқ уруши бу иддаонинг риторик эканлигини фош қилиб қўйди.
Эрон-контрас жанжали деб ҳам номланган “Эронгейт” ҳодисаси Рональд Рейген даврида Вашингтон Эронга қурол сотганлигини ўртага чиқарганди. Рейган Ливанда чиқадиган “Аш-Шираа” журнали чоп этган бу ҳақиқатни дастлаб рад этса ҳам орадан кўп ўтмай тасдиқлашга мажбур бўлганди. Яъни икки ўлка енг ичида дон чўқишарди.
“Эронгейт” жанжалидан биз чиқарадиган хулоса шуки, Ўрта Шарқ геополитикасида АҚШ-Исроил-Эрон учлиги орасида юз бераётган ҳодисаларга доим шубҳа билан қараш лозим. Чунки сўнгги йилларда минтақада юз бераётган кризисларга назар ташлаганимизда бутун геополитик зиддиятлардан фойда билан чиққан уч давлатни кўришимиз мумкин. Албатта булар: Эрон, Исроил ва АҚШ.
Бунга далил учун узоққа боришнинг кераги йўқ. Араб баҳори даврига назар ташласак кифоя. Маълуки, араб баҳори Миср, Тунис, Сурия, Яман ва бошқа ўлкаларда узоқ йиллар давом этган диктаторликка исён кўтарган араб халқларининг демократлашиш орзуси билан юзага келган оммавий ҳаракатларга берилган ном. Лекин бу, айниқса, Сурия ва Яманда “Араб қиши”га айланди. Миллионлаб одамнинг кўчиб кетишига ва юзминглаб одам ўлимига олиб келган гражданлар уруши Эронга шиа диффузионизми орқали аҳоли ичидаги кучлар устидан геополитик устунликни қўлга киритишини таъминлади.
Ҳозирги кунгача Эроннинг шиа тўдалари воситасида Сурия, Ироқ, Ливан ва Яман каби ўлкаларда муҳим обрўга эга бўлгани маълум. Бу эса кўрфаздаги араб ўлкалари учун “Эрон таҳдиди”нинг ортиши деганидир. Яъни Эрон Ўрта Шарқдаги обрўсини орттириш билан шиа-сунний рақобати сабабли Эронга масофа жиҳатидан яқинлашаётган давлатлар ҳам янги йўл излашга тушади. Хўш, Саудия Арабистон, Бирлашган араб амирликлари ва Миср каби араб давлатлари Эрон диффузионизми қаршисида қандай йўл танлади?
Ушбу давлатлар Эрон таҳдидига параллел равишда хавфсизликларини АҚШга омонат қилиш қарор қилишганини эсга туширайлик. Бу эса АҚШнинг Ўрта Шарқ давлатларига янада кўпроқ қурол сотишини ва натижада катта даромад кўришини билдиради. Бундан ташқари масала бу билан чекланиб қолмайди. Иброҳим келишувини эслайлик.
Энг оддий тил билан айтганда Иброҳим келишуви Дональд Трамп даврида АҚШнинг воситачилигида кўрфаздаги араб ўлкаларининг Исроилни тан олишлари ва Тель-Авив билан алоқаларини меъёрлаштирадиган даврдир. Бу Исроилнинг ишғолларини қонунийлаштиришга хизмат қилиши кундек равшан. Ҳатто бугун Ғазодаги қатлиом қаршисида араб дунёсининг сукут сақлаши ва бунга боғлиқ ҳолда Нетаньяҳу қатлиомларини давом эттиришга қарорли эканлиги ҳам мана шу келишувга боғлиқ. Албатта Эрон таҳдиди АҚШнинг ҳам минтақада борлигини таъминлайди. Яъни геополитика сифатида АҚШ, Исроил ва Эрондан ташқари бутун актёрларнинг бир куч марказига бўйинсинадиган ҳолга тушган даврга келдик. Шу сабабли АҚШ-Исроил иккиси билан Эрон орасида яширин келишув бор-йўқлиги маълум бўлмаса ҳам тарафлар орасидаги муносабатларда яқин алоқалар борлигини айтишимиз мумкин. Мана шу ерда Трампнинг Қосим Сулаймоний суиқасдидан кейин юз берганлар ҳақида айтганларини ҳам эслаб ўтсак фойдали бўлади.
АҚШ Эрон инқилоб муҳофизлари армияси Қудус кучининг афсонавий қўмондони Қосим Сулаймонийни 2020 йил 3 январь куни Бағдод аэропортида уюштирган ҳужуми билан ўлдирганди. Сулаймоний араб баҳоридан кейин афсонага айланиб, катта шуҳрат қозонганди. Ҳатто инқилоб муҳофизлари армияси Эроннинг параллел давлати сифатида кўрила бошлаганди. Ливан, Ироқ ва Сурия каби давлатларга ташқи ишлар вазирлиги ўрнига элчи тайинлаш ваколатига эга бўлганди. Эҳтимол, Сулаймонийнинг ўлдирилиши Теҳрон бошқаруви ҳам салбий қаршиламайдиган ҳолат бўлиб, разведка ахбороти АҚШга сиздирилганди. Буни исботлаш мумкин эмас. Лекин Сулаймонийнинг ўлимидан кейин юз берганлар билан боғлиқ Трампнинг гапларини ёдга олиш керак.
Сулаймоний суиқасдидан кейин Эрон АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ҳужум қилиб, бу ҳужумларда бирорта ҳам АҚШлик аскар ўлмай, ўлганлар ироқликлар бўлганди. Бундан ташқари Эрон жавоб зарбаси номи остида украиналиклар бўлган йўловчи самолётни ҳам уриб туширганди. Америка базасига ҳужумни Трамп 2023 йил 2 ноябрда митингда қуйидагича гапириб берди:
“Эронликлар бизга қўнғироқ қилди ва “Бизнинг бошқа иложимиз йўқ. Сизларга ҳужум қилишимиз керак. Чунки акс ҳолда ҳурматимизни йўқотамиз” дейишди. Мен уларни тушундим. Буни аввал ҳеч айтмаган эдим. Эрон бир дронимизни уриб туширганида у 14 йилдан бери фойдаланилаётган эски дрон эди. Унчалик қийматли эмасди. Дрон яқинида 39 та муҳандис ва учувчи жойлашган самолёт ҳам бор эди. Мен генераллардан орқасидаги самолётни ҳам уришдими деб сўрадим. Улар “Йўқ, уришмади” деб жавоб бердилар. Бу жуда қизиқ дедим.”
Исроил 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазода 43 мингга яқин тинч аҳолини қатл этди. Ливанда уюштирган ҳужумларида ер ости бункерларни тешувчи бомбалардан фойдаланиб, бункердаги Ҳизбуллоҳ бошчиси Ҳасан Насраллоҳни ўлдирди. Лекин Эронга қарши уюштирган ҳужумида нимагадир ҳаво мудофаа тизимидан ўта олмади ва фақатгина 4 киши ўлди.
Эрон тарафдан ҳам вазият айни. Суриядаги гражданлар уруши сабабли камида Исроилчалик мусулмонларни ўлдирган бир ўлка бўлган Эрон Исроилга уюштирган ҳужумларда пичоққа илинадиган бир нишонни ура олмади. Қарши зарбалари худди Эроннинг АҚШ базасини урганлиги ва дронини уриб туширгани каби.
Хуллас, Ғазо ва Ливанда тўқнашувлар давом этаётган бир вақтда Эрон билан Исроил орасидаги спектакл давом этмоқда. Тарафлар бир-бирини қийин аҳволга солиб қўймайдиган қилиб ҳужумлар уюштириб, ўз обрўларини орттириш ҳаракатида.