Швейцария банки пул “ювиш”да айбланмоқда


  • 2 Декабрь, 2024
  • 23

Швейцариянинг “Lombard Odier” номли хусусий банки Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова ташкил этган “Офис” муассасасининг даромадларини яшириш учун пул “ювиш”да айбланмоқда.

Айбловда “Lombard Odier” пул “ювиш”га қарши кураш бўйича стандартларни бажармагани ва тўққизта шубҳали банк ҳисоби очиш ҳамда бошқаришда ўзининг ички тамойилларига риоя қилмаганлиги айтилган.

Бундан ташқари, 2005-2012 йиллари Каримованинг пулларини “ювиш”да асосий ролни ўйнаган собиқ банк менеджерига ҳам айблов эълон қилинган.

Ушбу тергов иши 2016 йилдан бери олиб борилиб, энди гумонланувчиларга расмий айблов эълон қилинди.

Терговга кўра, “Офис” ташкилоти тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаган ва ходимларга эга бўлмаган. Ушбу ташкилот фақат жиноий йўлдан келган даромадларни яшириш учун очилган. Ушбу даромадлар Ўзбекистоннинг телекоммуникация секторидаги коррупция келишувларидан олинган.

2023 йил сентябрь ойида Швейцария бош прокуратураси Гулнора Каримовага нисбатан судга айблов хулосасини тақдим этганди. Айбловга кўра, Ўзбекистоннинг телекоммуникация секторига кириб ишлашни истовчи хорижий компаниялар “Офис” таркибига кирувчи компаниялар орқали Гулнора Каримовага пора беришлари керак бўлган.


Бошқа мақолалар