Грузияда мухолифат бошчилари ҳибсга олинди


  • 5 Декабрь, 2024
  • 22

Грузия пойтахти Тбилисида бош вазирнинг Европа иттифоқига қўшилиш муҳокамасини тўхтатиб қўйганидан кейин бошланган намойишлар тинмаяпти. Ҳукумат Европа иттифоқига қўшилиш фикридан воз кечмаганлигини, фақатгина мамлакатни ташқи шантаждан қутқариш ниятида эканлигини билдирди.

Парламент биносига ва полицияга қарши фойдаланилган пиротехника, молотов коктейли ва шунга ўхшаш қуроллар мухолиф партияларнинг офисларида сақланаётлиги иддао қилиниб, офисларда тинтув ўтказилди.

Мухолиф партиялардан бири “Дроа” бошчиси Ника Гварамия партия офисида тинтув вақтида полиция билан тортишуви натижасида ҳибсга олинган.

Грузия нашрларида ўрин олган хабарларда полиция баъзи фаолларнинг уйларида ҳам тинтув ўтказгани маълум қилинмоқда. Ички ишлар вазирлигидан берилган хабарда тинтув натижаларига кўра, зўравонликни ташкил қилиш ва иштирок этишда айбланиб етти киши ҳибсга олинганлиги айтилди.

Бош вазир Иракли Кобахидзе бу ҳибсга олишларнинг қатағон эмас, жиноятчиликнинг олдини олиш эканлигини билдирди.

Тинтувлар “Джиути”, “Дроа”, “Гирчи” партиялари ва партиянинг ёшлар офисида ўтказилган. Тинтув ватида каска, пневматик қурол, катта миқдорда пиротехника, Молотов коктейллари, бўёқлар ҳамда турли эритмалар топилган.


Бошқа мақолалар