Рим папаси Франциск ўлди


  • 22 Апрель, 2025
  • 25

Рим папаси Франциск ўлди. Бу ҳақда Vatican News портали хабар берди.

Маълумотларга кўра, папа Франциск — Хорхе Марио Бергольо — 88 ёшида Ватикандаги Casa Santa Marta (Санта Марта уйи)даги резиденциясида жон топширган.

Хорхе Марио Бергольо 2013 йил 13 март куни Бенедикт XVI истеъфога чиққанидан сўнг Папа тахтига ўтирган эди. Франциск янги дунё мамлакатларидан (Америка қитъасидан) чиққан биринчи Папа бўлган.

Рим папаси Франциск инсульт ва ундан кейин юз берган қайтмас юрак етишмовчилиги оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

The New York Times нашри ёзишича, бу ҳақда Ватикан томонидан эълон қилинган ўлим гувоҳномасида қайд этилган. Унга кўра, Франциск инсультдан сўнг кома ҳолатига тушган ва "қайтмас юрак-қон томир фаложи" натижасида ҳаётдан кўз юмган.

“Ватикан шифокори томонидан берилган ўлим гувоҳномасига кўра, Франциск эрталаб соат 7:35 да ўз яшаш жойи Casa Santa Marta'да жони узилган”, — дейилади хабарда.

Шунингдек, Ватикан Рим папаси Францискнинг васиятини эълон қилди. У 2022 йил 29 июн санаси билан ёзилган. Унда понтифик ўзини Римдаги Санта Мария Маджоре базиликасида дафн этилишини истаганини билдирган. У қабри ерда, оддий, безаксиз бўлиши ва унда фақат бир сатр: "Франциск" деб ёзилишини хоҳлаган.


Бошқа мақолалар