- 2017-05-18
Кеча 25 декабрь куни “Azerbaijan Airlines” авиакомпаниясига қарашли Боку-Грозний йўналишида парвоз қилган йўловчи самолёт Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида ҳалокатга учради.
“Embraer ERJ-190” ҳаво кемаси 106 йўловчи ташишга мўлжалланган бўлиб, Каспий денгизи устида “фавқулодда вазият” ҳақида сигнал беради. Сўнгра Ақтау аэропортига қўнишга ҳаракат қилади. Лекин ушбу уринишлари ҳалокатли якун топди. Самолёт бортида жами 69 киши бўлган.
Самолёт 25 декабрь куни соат 08:49 да Боку аэропортидан Грознийга парвоз қилади. Каспий денгизи устидан учиб ўтаётганда “фавқулодда вазият” (squawk 7700) сигналини беради.
Қалин туман сабабли Грознийда самолётни аввал Махачкалага йўналтиришади, сўнгра Ақтауга учишга кўрсатма берилади.
Мааллий вақт билан соат 11 да Ақтау аэропорти диспетчеридан Манғистау вилоят фавқулодда вазиятлар департаментига “Azerbaijan Airlines” авиакомпаниясига қарашли Embraer 190AR самолётидан авариявий вазият ҳақида хабар келганлиги ва Ақтау аэропортига қўнишга рухсат сўраётганлиги бўйича маълумот келиб тушади. Самолёт қўниши соат 11:25 га режалаштирилган эди. Лекин соат 11:30 да аэропортдан 3 км масофада самолётнинг ҳалокатга учраганлиги ҳақида хабар келади.
Ҳалокат жойига дарҳол ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликлари ва миллий гвардия кучлари юборилди. Бундан ташқари 14 та тез ёрдам кўрсатиш бригадалари ҳам сафарбар бўлди. Қутқарувчилар тезлик билан ёнғинни ўчириб, самолёт бўлакларини ўрганишни бошлади.
Қозоғистон фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълумотига кўра, самолёт бортида жами 69 киши бўлган. Улардан 42 нафари Озарбайжон ватандоши, 16 нафари Россия ватандоши, 6 нафари Қозоғистон ватандоши, 3 нафари Қирғизистон ватандоши ва яна икки аёлнинг ватандошлиги аниқланмаган.
Ҳалокатда жами 29 киши тирик қолган бўлиб, улар Озарбайжон, Россия ва Қирғизистон ватандошларидир. Тирик қолганлардан баъзиларининг аҳволи жуда оғир.
Ақтау шаҳри аҳолиси ҳам фожиага бефарқ бўлмай, жабрланганларга ёрдам бериш учун қон топширишга келишди. Улар шаҳар қон қуйиш марказига келиб, қон топшириш учун навбатга туришди.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳалок бўлганлар ва жабрланганларга ўз ҳамдардлигини билдириб, 26 декабрь кунини миллий мотам куни деб эълон қилди.
Ҳалокат сабабларини аниқлаш учун Қозоғистонда ҳукумат комиссияси тузилди. Озарбайжон ҳукумати ҳам ўз делегациясини Ақтау шаҳрига юборди. Ҳозирча самолётнинг ҳалокатига нима сабаб бўлганлиги юзасидан расмий ахборот берилмади.