Зеленскийни тиланчи ва шантажчи деб аташди


  • 13 Январь, 2025
  • 19

Словакия бош вазири Роберт Фицо Украина президенти Зеленскийнинг Европадан тинмай пул сўрашини қоралаб, қаттиқ танқид қилди.

Парламент қўмитасининг йиғилишида Словакия учун Россия газини Украина орқали транзит қилишнинг тўхтатилиши оқибатлари муҳокама қилинди.

Йиғилишда гапирган Фицо Украина президентини ишончсиз деб атаб, “Зеленский ҳиқилдоғига келган”ини билдирди.

Словакия бош вазири: “Мен бу ерда Зеленский билан ёнма-ён юриш учун эмасман. Тан оламан, бу менинг жонимга тегишни бошлади. Зеленский Европа бўйлаб югуриб, бошқалардан пул сўраш, тиланчилик қилиш ва шантаж қилиш билан овора. Бунга чек қўйиш керак”, деди.

Эслатиб ўтамиз, Словакия ва Украина орасида муносабат Киевнинг Россия газини транзит қилиш шартномасини имзоламаганидан кейин ёмонлашиб кетди. Россия газини транзит қилиш жорий йилнинг 1 январидан тўхтатилган.

Словакия президенти Петер Пеллегрини бунга боғлиқ ҳолда Украина сафарини бекор қилди. Пеллегрини лавозимга ўтирганидан кейин барча қўшни давлатларга сафар қилганди.

Пеллегрини: “Ҳозирги шарт-шароитларда менинг Украинага боришим ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Мен у ерга фақат расмга тушишим учун боришим керак бўлса ва Словакия учун бир томчи нефть ва газ ўтказилмайди дейишса, унда ҳақиқатан ҳам Украинага боришим керак эмас. Ҳеч ким мендан хафа бўлмайди, деб ўйлайман”, деди.

Фицо газ транзитини тўхтатишга жавоб тариқасида электр таъминотини тўхтатиш, Украиналик қочоқларга ёрдам пулини камайтириш, Украинанинг Европа иттифоқига аъзолигини блоклаш ва Киевга гуманитар ёрдам жўнатишни тўхтатиш билан таҳдид қилди.


Бошқа мақолалар