- 2023-06-16
Ҳиротдаги “Толибон”нинг иллатга қарши кураш ва яхшиликка тарғиб бўлими БМТнинг эркак ходимларига соқолсиз ишга келмасликни буюрди, деб хабар қилди БМТдаги манбалар.
Нашр манбаларига кўра, “Толибон” вакиллари Ҳиротдаги “Ислом Қалъа” марказига ташриф буюриб, эркак ходимларни огоҳлантирган. Агар улар соқолини олиб ташлашса ёки қисқартиришса, қамоқ жазосига дуч келишлари мумкинлиги айтилган.
Бу буйруқ давлат муассасалари ва академик доираларда соқол олишни тақиқлашга оид аввалги чекловлардан сўнг берилган.
Шу билан бирга, Афғонистондаги гуманитар ташкилотлар дуч келаётган муаммолар ҳақида хабар беришмоқда. Декабрь ойида БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (OCHA) ноябрда кўплаб чекловлар юз берганини маълум қилди: 164 та ҳолат қайд этилган, бу октябрга нисбатан 56 фоизга, 2022 йилнинг шу даврига нисбатан эса 11 фоизга кўпдир.
Ҳисоботга кўра, бу воқеаларнинг 99 фоизи “Толибон” ҳаракатининг ҳаракатлари билан боғлиқ бўлган. Бу муаммолар ёрдам кўрсатиш жараёнига таъсир қилган ва 72 та лойиҳа вақтинчалик тўхтатилган, икки ташаббус бутунлай бекор қилинган ҳамда бир объект ёпилган.
Бир неча кун олдин толиблар Қобулдаги ягона аёллар радиостанцияси “Radio Begum”ни “тақиқланган ахборот узатиш” ва хорижий ОАВ учун дастурлар эфирга узатгани учун ёпиб қўйди.