Эрдўғон ва ҲАМАСдан Трампга кескин жавоб


  • 11 Февраль, 2025
  • 34

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ғазо сектори аҳолисини ўз ватанида чиқариб юбориш режасини кескин танқид қилди.

Унинг сўзларига кўра, “Фаластинликларни минг йиллар давомида яшаб келаётган ўз ерларидан мажбуран чиқариш таклифини жиддий қабул қилиб бўлмайди”.

Эрдўғон: “Ҳеч ким Фаластин халқига иккинчи Нақбани бошидан ўтказишга мажбур қила олмайди”, — дея таъкидлади.

Туркия раҳбари, шунингдек, Исроил бош вазири Биньямин Нетаняҳуни танқид қилиб, унга “15 ойлик қирғинга қарамай, ўз ватанида қолган ғазоликларни чиқариб юбориш учун жой излаш ўрнига, Ғазога етказилган 100 миллиард доллар зарарни қоплаш учун маблағ топишни ўйлаши керак” эканини билдирди.

Эрдўғоннинг таъкидлашича, Исроил давлати ва ишғолчилар томонидан босиб олинган уйлар, ерлар ва иш ўринлари ўз ҳақиқий эгалари — Фаластинликларга қайтарилиши керак.

У Ислом дунёсини Ғазо сектори тикланиши учун ҳисса қўшишга чақирди.

Трампнинг Ғазони сотиб олиш ва назорат қилиш ҳақидаги баёнотига Фаластинлик ҲАМАС ҳаракати ҳам кескин эътироз билдирди. Бу ҳақда ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Иззат ар-Ришк баёнот берди.

“Биз Трампнинг Ғазони сотиб олиш ҳақидаги мутлақо бемаъни сўзларини кескин қоралаймиз. Бу гаплар Трампнинг Фаластин ва бутун минтақа ҳақида мутлақо хабарсиз эканини кўрсатади”, — дейилади баёнотда.

Иззат ар-Ришкнинг таъкидлашича, блокада остидаги Ғазо сотиладиган ёки сотиб олинадиган мулк эмас, у Фаластиннинг ажралмас қисмидир.

ҲАМАС вакили Фаластин муаммосини “кўчмас мулк агенти” нуқтаи назаридан кўриш мутлақо имконсиз ва ҳалокатга маҳкум эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Фаластинликлар куч билан кўчириб юборишга қаратилган ҳар қандай режани барбод қиладилар.

“Ғазо ўз халқиники ва Фаластинликлар ўз ерларини ташлаб кетмайдилар. Улар учун ягона кўчиш йўли — 1948 йилда босиб олинган шаҳарлар ва қишлоқларга қайтишдир”, — деди ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси.

Аввалроқ, Дональд Трамп АҚШ Ғазо сектори устидан назорат ўрнатишини ва Ўрта Шарқнинг бой давлатлари ёрдамида уни қайта тиклашини айтган эди. У шунингдек, “Ғазони сотиб олиш ва уни бошқариш” ниятида эканини таъкидлаган.


Бошқа мақолалар