АҚШ Мадурони "террорчи" деб эълон қилди


  • 25 Ноябрь, 2025
  • 29

АҚШ Венесуэлада жойлашган "Cartel de los Soles" жиноий уюшмасини террорчи ташкилот деб эълон қилди. АҚШ бу тўдага Венесуэла президенти Николас Мадуро бошчилик қилишини иддао қилиб, Мадуронинг боши учун ҳам 50 миллион доллар мукофот эълон қилди.

Венесуэла билан кескинлиги ортиб бораётган АҚШ маъмурияти янги қадам ташлади. АҚШ "Cartel de los Soles" уюшмасини "хорижий террорчи ташкилот" деб эълон қилганини маълум қилди. Қарор билан Венесуэла президенти Николас Мадуро ва бошқа юқори лавозимли амалдорлар учун қўшимча санкциялар жорий этилди.

Шу тариқа, АҚШда жойлашган ёки АҚШ ватандошлари назоратидаги жиноий уюшма билан боғлиқ барча активлар блокировка қилинади ва бу шахслар билан ҳар қандай операцияларни амалга ошириш тақиқланади. Бундан ташқари, жиноий уюшма билан боғлиқ операцияларда иштирок этган хорижий молия институтлари иккиламчи санкцияларга дучор бўлиш хавфи остида қолади.

Венесуэла президенти Николас Мадурони гиёҳванд моддалар савдосида айблаган АҚШ, Мадуро террорчи ташкилот деб эълон қилинган "Cartel de los Soles" га бошчилик қилишини иддао қилмоқда. АҚШ маъмурияти Мадуронинг боши учун террорчи гуруҳлар билан алоқаси борлиги иддаоси билан 50 миллион доллар мукофот белгилади.

Венесуэла Ташқи ишлар вазирлигининг веб-сайтида эълон қилинган баёнотда, Каракас маъмурияти "Cartel de los Soles" номли уюшманинг мавжудлигини рад этгани эслатилиб, қуйидагича ифода қайд этилган: "АҚШнинг бу туҳмати ғаразли ёлғон ва мамлакатга нисбатан ноқонуний аралашувни қонунийлаштиришга уринишдир".

Баёнотда АҚШ Венесуэлада "режимни ўзгартириш"га қаратилган классик режаларни амалга ошираётганликда айбланди ва Венесуэла ҳукумати бундай туҳматларга жавоб беришга мажбур бўлиши кераксиз вақт йўқотишига олиб келиши таъкидланди.

Венесуэла халқининг бирлиги таъкидланган баёнотда қуйидаги сўзлар мавжуд:

"АҚШнинг олдинги ҳужумлари каби, бу ҳаракат ҳам муваффақиятсизликка учрайди. Президент Николас Мадуро ҳукумати АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятини бу нотўғри ва тажовузкор сиёсатдан воз кечишга чақиради. АҚШ олиб бораётган таҳдид ва босим сиёсати ҳатто Америка халқи томонидан ҳам қўллаб-қувватланмаяпти. Бу сиёсат Кариб мамлакатларининг ривожланишига салбий таъсир қилишдан ташқари, гиёҳванд моддалар савдосига қарши ҳақиқий курашга ҳеч қандай ҳисса қўшмайди".


Бошқа мақолалар