- 2019-07-30
Туркистон шаҳрига махсус мақом берилади. Тегишли қонун лойиҳаси Сенат депутатлари томонидан тасдиқланди.
Бугун Сенатда Туркистонга тегишли икки қонун лойиҳаси кўриб чиқилди: “Туркистон шаҳрининг махсус мақоми тўғрисида” ва “Туркистон шаҳрининг махсус мақоми ва хориждаги маданий марказлар масалалари бўйича айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”.
Сенатор Бауиржан Қаниевнинг таъкидлашича, “Туркистон шаҳрининг махсус мақоми тўғрисида”ги қонуннинг асосий вазифалари:
Самарали бошқарув тизимини шакллантириш;
Туркистоннинг тарихий ва маданий ёдгорликлари, тарихий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва сақлаш;
Ҳожа Аҳмад Яссавий мақбараси ва унинг муҳофаза ҳудудларида археологик ҳамда илмий-таъмирлаш ишларини режалаштириш ва бошқариш;
Миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, тарихий-маданий меросни тиклаш ва ривожлантириш.
Шунингдек, Ҳожа Аҳмад Яссавий мақбарасининг ноёблигини сақлаб қолиш ва унинг атрофида қурилиш ишларини чеклаш мақсадида муҳофаза ҳудуди чегарасидан 100 метр узоқликда баландлиги 7 метрдан ошмайдиган ва тарихий ёдгорликлар билан мос келмайдиган бинолар қурилиши тақиқланади.
Туркистон шаҳар маслиҳатига шаҳарсозлик регламенти ва дизайн-кодини тасдиқлаш, архитектура кўриниши ва шаҳарсозлик режалаштириш қоидаларини белгилаш, ҳудудий рамзлардан фойдаланиш тартибини аниқлаш ваколати берилади.
Туркистон шаҳар ҳокимияти тарихий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида давлат назоратини амалга оширади, миллий ҳунармандчилик ва унинг инфратузилмасини ривожлантиришга масъул бўлади. Шунингдек, маҳаллий бюджет ҳисобидан Туркистондаги ҳунармандларнинг харажатларининг бир қисмини қоплаш имконияти яратилади.
Туркистон вилояти ҳокимияти эса Туркистон орқали ўтувчи транзит автомобиль транспорти ҳаракат схемаси ва тартибини мувофиқлаштириш ваколатига эга бўлади.
Қўшимча қонун билан туризмни ривожлантириш мақсадида барча сайёҳлар, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар ва ҳаракатланишда қийналадиган кишилар учун туризм инфратузилмасига тенг имконият яратишга оид ўзгартиришлар киритилади.
Шунингдек, Ер кодексига ҳам ўзгартиришлар киритилиб, Туркистоннинг ваколатли органларига давлат ижтимоий объектларини (давлат умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари, касалхоналар ва поликлиникалар) қуриш даврида вақтинчалик бепул ердан фойдаланиш бўйича шартномалар тузиш ҳуқуқи берилади. Бу ер участкалари Ер кодекси ва “Туркистон шаҳрининг махсус мақоми тўғрисида”ги қонунга мувофиқ бепул тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, Туркистонга махсус мақом бериш бўйича қонун лойиҳаси Мажлис томонидан жорий йилнинг июнь ойида қабул қилинган эди. Сентябрь ойида “Туркистон шаҳрининг махсус мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тақдимотида Ҳожа Аҳмад Яссавий мақбараси атрофида қурилишни чеклаш режалаштирилаётгани маълум қилинган эди.