Дунёни яҳудийлар бошқарадими?


  • 24 Сентябрь, 2025
  • 24

Исроилнинг етакчи ОАВларидан бири — Jerusalem Postнинг 2025 йилги “Энг нуфузли 50 яҳудий” рўйхатида Исроил етакчилари ва дунёнинг йирик бизнесменлари жой олди. Уларнинг фақатгина 10 нафари умумий ҳисобда 1,16 триллион долларлик бойликка эга. Бу миқдор Исроилнинг ялпи миллий даромадидан тахминан икки баробар кўп. Рўйхат эълон қилингач, кўпчиликнинг хаёлига анъанавий савол келди: “Дунёни яҳудийлар бошқарадими?”

“Дунёни яҳудийлар бошқаради” деган гап фақатгина афсонами ёки унда ҳақиқат уруғи ҳам борми?

Исроилнинг етакчи нашрларидан бири — Jerusalem Post ҳар йили тайёрлайдиган “Top 50 Most Influential Jews” (Энг нуфузли 50 яҳудий) рўйхатининг 2025 йилги нашрини чоп этди.

Рўйхатнинг биринчи ўрнида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаняҳу жой олган. Уни тадбиркор Стеве Уиткофф ва Моссад раҳбари Давид Барнеа кузатиб борди. Биринчи ўнликка шунингдек, Исроил Қуролли Кучлари Бош штаби раҳбари Эял Замир, АҚШ Савдо вазири Ховард Лутник, Трампнинг маслаҳатчилари Адам Бёлер ва Стивен Миллер, шунингдек Россия Бош вазири Михаил Мишустин каби шахслар кирди.

Рўйхатда диққатга сазовор бўлган йўналишлардан бири — бизнес олами вакиллари бўлди. Oracle асосчиси Ларри Эллисон 370,9 миллиард долларлик бойлиги билан алоҳида ажралиб турди. Meta асосчиси Марк Цукербергнинг шахсий бойлиги эса 266 миллиард доллар экани қайд этилди.

Google асосчиларидан Сергей Бриннинг бойлиги 196 миллиард доллар, Dell Technologies асосчиси Майкл Деллнинг бойлиги 140 миллиард доллар, медиамагнат Майкл Блумбергники эса 109 миллиард доллар деб баҳоланган.

Sands Corp эгаси Мириам Адельсоннинг бойлиги 40 миллиард доллардан ортиқ ҳисобланган. Pershing Square Capital Management раҳбари Билл Акман — 9,4 миллиард доллар, Salesforce бош директори Марк Бениофф — 8,9 миллиард доллар, OpenAI раҳбари Сэм Олтман — 2,4 миллиард доллар, WeWork асосчиларидан Адам Нойман эса 2,2 миллиард доллар бойликка эга экани қайд этилган.

Jerusalem Post эълон қилган рўйхатга кўра, фақатгина шу 10 нафар бизнесменнинг умумий бойлиги 1 триллион 160 миллиард доллардан ошади. Бу кўрсаткич Исроилнинг тахминан 446 миллиард долларлик ялпи миллий даромадидан икки баравар кўплигига урғу берилган.


Бошқа мақолалар