Ўрта Осиё аҳолиси кескин камаймоқда


  • 23 Апрель, 2016
  • 1377

Собиқ иттифоқ даврида аҳоли ўсиши жуда баланд бўлган Туркистон ўлкасида сўнгги йилларда бу кўрсаткич тушиб кета бошлади.

Ҳозирги кунда аҳолиси 70 миллионга яқинлашган Ўрта Осиё ўлкаларидан Ўзбекистонда 32 миллион, Қозоғистонда 17,6 миллион, Тожикистонда 8,5 миллион, Қирғизистонда 5,9 миллион, Туркманистонда эса 5,5 миллион аҳоли яшайди.

Совет иттифоқи тарқаб кетганидан бошлаб аҳоли ўсиши камайган Туркистон республикаларида бу пасайиш мустақилликдан кейин ҳам давом этмоқда.

Туркистон ўлкасида 1960-1970 йилларда ўртача 3,5% бўлган аҳоли ўсиши, 2000 йилларнинг бошида 2%га тушиб кетди. 2005-2010 йилларда эса ушбу кўрсаткич Тожикистонда 1,6%, Туркманистонда 1,3%, Қирғизистонда 1,2%, Ўзбекистонда 1,1%, Қозоғистонда эса 0,7% бўлди.  

Сўнгги йилларда Ўрта Осиё ўлкаларидаги ўртача аҳоли ўсиш кўрсаткичи 1% эканлигини қайд этган мутахассислар бу пасайишга туртки бўлган турли сабабларни илгари суришмоқда.

Баъзи мутахассислар пасайишга режали иқтисодиётдан эркин бозор иқтисодиётига ўтиш давридаги муаммолар сабаб эканлигини айтса, баъзилари СССР қулаганидан кейин бу ўлкада яшаётган турли миллат вакилларининг кўчиб кетишини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Мутахассислар фикрича, айниқса сўнгги йилларда чинакамига сезилаётган бу камайиш ҳар республикада турли сабаблар туфайли юзага келмоқда.

Тожикистондаги аҳоли ўсишининг камайиш сабаби 1992-1994 йиллардаги ички уруш ва бунинг натижасида юзага келган кўчиш билан бирга ўлкадаги сиёсий-иқтисодий муаммолар бўлса, Қозоғистонда мустақилликдан кейин ўлкада яшаётган рус, немис ва бошқа миллатларнинг ўз ватанларига кўчиб кетиши катта роль ўйнаган.

Туркистон диёрида аҳоли ўсишининг камайиб кетишига қарамасдан 1989-2007 йилларини ўз ичига олган даврда жами аҳоли 20%га ортди. Бу даврда ўсиш кўрсатгичи Туркманистонда 35%, Ўзбекистонда 31%, Қирғизистонда 20% бўлди. Айни даврда Қозоғистоннинг аҳолисида мустақилликнинг илк йилларидаги кўчиб кетишлар туфайли аҳоли сони ортмади.

Шу кўрсатгичларга асосланиб мутахассислар аҳоли ўсишида секинлашишнинг яқин келажакда Туркистон аҳолисининг қаришига сабаб бўлмаслигини, бу ҳолат анча кейинроқ юзага чиқишини айтишмоқда.

Аҳолишунос мутахассисларга кўра, 2030 йилда Ўзбекистонда аҳоли 37 миллион, Қозоғистонда 21 миллион, Тожикистонда 11,1 миллион, Қирғизистонда 7,5 миллион, Туркманистонда эса 7,4 миллионга етади. Туркистон бўйича жами аҳоли 80 миллиондан ортади.

Шу билан бирга айни даврда собиқ иттифоқ ўлкаларидан Россия, Украина, Белоруссия, Грузия, Латвия, Литва, Эстония, Молдовия ва Арманистонда аҳоли камайиши тахмин қилинмоқда.  

Бу ҳолат Ўрта Осиё республикаларининг ҳозиргидек қисқа ва ўрта муддатда Россия ва бошқа ўлкаларда иш кучи манбаи бўлишда давом этишини таъминлайди.

Ўлкалар аҳолисига назар ташласак, жами Туркистон аҳолисининг 45%и Ўзбекистонда, 26%и Қозоғистонда, 12%и Тожикистонда, 9%и Қирғизистонда, 8%и эса Туркманистонда.

Ўрта Осиёнинг 45%и истиқомат қиладиган Ўзбекистон, 31,5 миллион аҳолиси билан минтақанинг энг кўп аҳолига эга ўлкаси ҳисобланади. Ўлкада совет иттифоқи парчаланишидан 2 йил аввал 1989 йили тахминан 20 миллион одам истиқомат қиларди.

СССР даврида халқининг кўпи қишлоқ жойларда яшаган ўлкада сўнгги йилларда шаҳар аҳолиси қишлоқдагилардан ошиб кетди. Минтақадаги энг ёш аҳолига эга ўлкалардан бўлган Ўзбекистон халқининг 45%и 18 ёшдан кичиклар, 60%и эса меҳнатга лаёқатли аҳолидан иборат. Бу маълумотлар ўлканинг узоқ йиллар давомида бошқа ўлкаларга ишчи кучи етказиб бера олиш имкониятига эга эканлигини кўрсатади. Лекин аҳолиси ва қўшниларига нисбатан майдони энг кичик ўлка ҳам Ўзбекистон ҳисобланади.   

Майдони жиҳатидан Ўрта Осиёнинг энг йирик ўлкаси Қозоғистон эса, мустақиллик йилларида кўчиб кетувчи ва келувчилари билан диққатни тортади.

СССР даврида 1990 йили 16 миллион 297 минг киши яшаган Қозоғистонда мустақилликнинг илк йилларида бошқа миллат вакиллари ўз ватанларига кўчиб кетиши туфайли 1999 йилда 7,7%га камайиб, 14 миллион 953 мингга тушиб кетди.

Туғилиш кўрсаткичи кам бўлишига қарамасдан республика қабул қилган кўчиб келувчилар орқали 2005 йилга келиб, 1990 йилги аҳоли ўсиши кўрсаткичига етиб олган Қозоғистоннинг аҳолиси 2012 йили 16,9 миллион бўлди. Қозоғистонга кўчиб келувчиларнинг асосий қисми қўшни давлатлардан бўлди.  

Расмий маълумотларга кўра, 2015 йили аҳолиси 17,6 миллион бўлган ўлкада 56,8% аҳоли шаҳар жойларда яшайди.

Ўрта Осиёнинг аҳолиси энг кам ўлкаси Қирғизистонда собиқ иттифоқ даврида аҳоли ўсиши баланд бўлиб, мустақиллик йилларида бу ўсиш тушиб кетган.

UNICEF маълумотларига кўра 1990-2012 йилларда ўсиш ўртача 1%га тушган, 2012-2030 йилларда 1,3 бўлиши кутилмоқда.

Халқининг кўпи қишлоқ жойларда яшайдиган Қирғизистонда аҳолининг 35,9%ини 15 ёшдан кичик, 58,6%ини 15,64 ёш ораси, 5,5%ини эса 65 ёшдан катта кишилар ташкил этади.

СССР даврида аҳоли ўсиши энг баланд бўлган Тожикистонда 1992-1994 йилларда келиб чиққан ички уруш ўлкадаги туғилишнинг камайишига ва ўлкадан кўчиб кетишларга сабаб бўлди.

Ҳудудининг 90%и тоғли жойлардан иборат Тожикистонда 2000 йили 6 миллион 127 минг бўлган аҳоли 10 йилда 23,5%га ортиб, 2010 йили 7 миллион 565 мингга чиқди. 2015 йили 2,3%га ортиб, 8 миллион 547 минг бўлди.

Аҳолисининг катта қисми ёшлардан иборат ва Россия билан мустаҳкам иқтисодий алоқаларда бўлган Тожикистон Россия ва бошқа ўлкаларга ишчи кучи етказиб беришда давом этмоқда.  

Туркистон минтақасида Туркманистон республикаси, ҳар қандай соҳада аниқ ва ишонарли маълумот олишга берклиги натижасида аҳолисига доир аниқ маълумотлар йўқлиги билан ҳам диққатни тортади.

Собиқ президент Сафармурод Ниёзов даврида (1991-2006) Туркманистонда расмий ташкилотлар ўлка аҳолисининг 6 миллиондан ортганлигини хабар беришганди. Ҳозирда эса Туркманистон амалдорлари ўлка аҳолиси ҳақида маълумотларни билдиришдан негадир тортинишмоқда.

БМТнинг маълумотларига кўра, Туркманистон аҳолиси 2013 йил 1 июль ҳолатига кўра, 5 миллион 240 минг, АҚШ маъулмотларига кўра эса 5 миллион 230 мингни ташкил этади.


Бошқа мақолалар