- 2025-02-04
Исроилнинг Қатардаги ҲАМАС раҳбарларига қилган ҳужуми ҳақидаги тафсилотлар маълум бўлди. АҚШ ташаббуси билан, араб мамлакатлари кўзини юмган ҳолда амалга оширилган бу ҳужумда Саудия Арабистони ҳаво ҳудудидан фойдаланилган.
Исроил армияси Дохага қилинган ҳужумда 15 та самолётни қўллади. Электрон уруш ва ёрдамчи ҳаво танкерлари билан бирга F-1, F-16 ва F-35дан иборат 10 та жангчи самолёт иштирок этди. Ҳужум маршрути Сурия, Иордания ва Саудия Арабистони орқали амалга оширилди. Узоқ масофага парвоз қилиш учун қўшимча ёқилғи баклари ва бошқарув тизимлари билан жиҳозланган бомбалар Саудия ҳаво ҳудудидан учирилди. Аммо электрон тўсиқчи ва танкер самолётлари бутун флотни фош қилди. Қоралаганига қарамай БАА, Саудия Арабистони ва Иордания ҳужум ҳақида хабардор бўлган.
ҲАМАС раҳбарларидан Толал Нассар ҳужумнинг қандай барбод этилгани ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, бу Исроил-АҚШ қўшма амалиёти бўлган:
«Туркия ҳақиқий дўст сифатида бутун қувват ва имкониятлари билан ёнимизда турди. Ҳужум режаси ва разведкасида АҚШ етакчи бўлди. Америкаликлар учрашув жойига қаттиқ туриши биринчи шубҳани уйғотди. Кейин эса рақамли сигналлар шубҳани кучайтирди. Жойдаги ҳайъат мобил телефон ва бошқа электрон қурилмалар билан боғлиқ махсус хавфсизлик чораларини ўзгартирди. Ракеталар отилишига жуда қисқа вақт қолганда раҳбарият эвакуация қилинди. Исроил томони бу ҳаракатни пайқамади. Араб дунёси уйғониши шарт. Исроил самолётлари Сурия, Иордания ва Саудиядан ўтиб Дохани бомбардимон қилди. Савол туғилади: нима учун кўриб туриб ҳам бу мамлакатлар бундай қатлиом урушини тўхтатмади ёки Қатарни огоҳлантирмади?» — деди Нассар.
Исроилдан чиққан «навбат Туркиядаги ҲАМАС аъзоларида» деган таҳдидларга эса Нассар қуйидагича жавоб берди:
«Исроил ҳалигача жиддий маънода ҳеч қандай армия билан юзма-юз тўқнашмаган. Туркияга таҳдид — қуруқ пўписадан бошқа ҳеч нарса эмас. Чунки бундай уриниш Исроилнинг охири бўлади. Исроилнинг бутун дунёдаги ягона даҳшати — Эрдўғон Туркияси. Бу миллат армияси, тарихи, иймони ва бирлиги билан битта эмас, ўнта Исроилни ҳам енгишга қодир.»
Нафақадаги ҳаво генерали Явуз Матур қуйидагиларни айтди:
«Исроил турли прокси кучлар билан Туркияни қуршашга ҳаракат қилаётганини ва ҳужум сценарийлари тайёрлаётганини биламиз. Шу билан бирга Туркиянинг ҳаво мудофаа салоҳиятини чеклашга ва ҳатто КААН ишлаб чиқаришига тўсиқ қўйишга интиляпти. Улар бизни энг кучли рақиб ва таҳдид сифатида кўришади. Ҳавода маълум устунликка эга эканлигини тан оламиз, аммо ҳеч қандай урушда ниҳоий ғалабани ҳаво кучлари билан қўлга киритиш мумкин эмас. Туркия мутлақо бошқа қувват. Биз ҳам ўз муқобил стратегиямизга эгамиз ва технология марказига айланиш йўлида тез суръатда бормоқдамиз. Агар Туркиянинг тўхтатувчи ва зарурат туғилганда амалий қудрати синовдан ўтса, Исроил ҳалокатни бошдан кечиради.»
Нафақадаги генерал Ҳалил Иброҳим Буюкбаш эса қўшимча қилди:
«Исроил Туркияга зарба бера олмайди — бу унинг охири бўлади. Аммо ичкидаги «Исроил» бизга ўз механизмларимиз орқали зарба беришга уриниши мумкин. 15 июл воқеалари, Гези, Кобани фитналари, 28 феврал каби ҳолатлар — шунинг мисоли. Исроил 1948 йилдан бери бирорта урушда аскарини зирҳлидан чиқармаган. Улар уруш қобилиятига эга эмас. Агар буйруқ берилса, турк аскарлари 72 соатда Тель-Авивга кириб боради.»