Россияда ҳарбий самолёт қулади


  • 18 Октябрь, 2022
  • 172

Россиянинг Краснодар вилоятидаги Азов денгизи соҳилида жойлашган Ейск шаҳрида ҳарбий қирувчи самолёт 9 қаватли турар жой биносига қулаб тушди. Учувчилар ҳалокатдан олдин катапульта қилишга улгурган. Ушбу ҳодиса юзасидан Россия мудофаа вазирлиги ўқув-машғулот парвози давомида жанубий ҳарбий округнинг ҳарбий аэродромидан кўтарилган Су-34 қирувчи самолёти ҳалокатга учраганлигини билдирди.

Вазирлик баёнотида “Самолёт Ейск шаҳрига қулаган. Катапульта ёрдамида тирик қолган учувчилар ҳисоботига кўра, кўтарилиш давомида двигателлардан бирининг ёниб кетиши ҳалокатга сабаб бўлган. Су-34 самолёти қулаган турар жой квартали ҳовлисида авиаёқилғи ёнғини юз берган” дейилмоқда.

9 қаватли турар жой биносига самолёт қулаши натижасида ҳалок бўлганлар сони 13 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Фавқулодда вазият вазирлиги ходимлари томонидан бино вайронаси остидан жасадлар топилган. 18 октябрь соат 06:00 ҳолатига кўра, ҳалокат натижасида 13 киши ҳалок бўлган. Улардан уч нафари ёш болалар. 19 киши жароҳат олган. Улардан тўрт нафари Краснодар вилоят касалхонасига етказилган. Қолганлар Ейск шаҳридаги касалхонада. Жабрланганларга барча зарурий ёрдамлар кўрсатилмоқда” деб маълум қилди.


Бошқа мақолалар