- 2022-01-20
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) қўмондони адмирал Брэд Купер Эронга нисбатан
қўлланилаётган денгиз қамалини бузиб ўтишга уринган 42-тижорат кемаси ҳам муваффақиятли ортга қайтарилганини маълум қилди. Купер: “Ҳозирда Эрон режими сота олмайдиган 69 миллион баррель нефть ортилган 41 та танкер турибди. Бу молиявий жиҳатдан Эрон раҳбарияти маҳрум бўлган 6 миллиард доллардан ортиқ даромад демакдир”, деган ибораларни қўллади.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) қўмондони адмирал Брэд Купер Эронга қўлланилаётган денгиз қамалига доир янги баёнот берди.
Қамални бузишга уринган 42-тижорат кемаси ҳам муваффақиятли тарзда ортга қайтарилганини таъкидлаган Купер: “Бу муваффақият америкалик аскарларнинг Эрон портларидан денгиз савдоси амалга оширилишига йўл қўймаслик учун кўрсатаётган фавқулодда хизматининг натижасидир”, деди.
Амалга оширилаётган қамалнинг Эронга етказаётган моддий зарарига тўхталар экан, Купер шундай деди: “Ҳозирда Эрон режими сота олмайдиган 69 миллион баррель нефть ортилган 41 та танкер мавжуд. Бу молиявий жиҳатдан Эрон раҳбарияти маҳрум бўлган 6 миллиард доллардан ортиқ даромадни англатади. Қамал ўта самарали ишламоқда ва АҚШ кучлари қамалнинг тўлиқ ижро этилиши бўйича ўз қатъиятини давом эттиради”.
CENTCOM’нинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида берилган яна бир хабарда Эронга нисбатан денгиз қамали 2 ҳафтадан ортиқ вақтдан бери муваффақиятли қўлланилаётганига диққат қаратилиб, ушбу доирада ўтказилаётган операцияларнинг тасвирлари жойланди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳурмуз бўғозидаги қамал бўйича қилган сўнгги баёнотида, Эроннинг қамални бекор қилиш ва ядровий музокараларни келгуси жараёнда кўриб чиқиш ҳақидаги таклифини рад этганини айтган эди. АҚШнинг Эрон ядро дастури борасидаги хавотирларига чек қўядиган келишувга эришилгунга қадар қамал давом этишини қайд этган Трамп, шунингдек, Эрон амалдаги қамал туфайли қийин аҳволда эканини урғулаб, шундай деди: “Қамал бомбардимондан кўра самаралироқ. Ҳозир улар бўғилишмоқда ва вазият улар учун янада ёмонлашади. Улар ядро қуролига эга бўла олмайдилар”. Эрон келишув тузишни истаётганини, бироқ ўзи қамални тўхтатишни истамаётганини билдирган АҚШ президенти: “Улар қамални давом эттиришимни исташмаяпти. Мен эса қамални бекор қилишни хоҳламайман, чунки уларнинг ядро қуролига эга бўлишини истамайман”, деб айтди.