Қўриқчилар маҳкумни калтаклаб ўлдирди


  • 21 Февраль, 2025
  • 16

Америка Қўшма Штатларининг (АҚШ) Нью-Йорк штатида жойлашган Марси Ислоҳ муассасасида қамоқхона ходимлари қўллари орқадан кишанланган қора танли маҳкум Роберт Бруксни калтаклаб ўлдиргани маълум бўлди.

Нью-Йоркдаги Марси Ислоҳ муассасасида содир бўлган ушбу воқеа АҚШ қамоқхоналаридаги маҳкумларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари борасида янги можарога сабаб бўлди.

Қўллари орқадан кишанланган Роберт Бруксни бир неча қамоқхона ходими калтаклагани кузатув камералари тасвирларида акс этди.

Воқеадан сўнг олти нафар қамоқхона ходимига иккинчи даражали қотиллик, уч нафар ходимга эса беихтиёр одам ўлдириш айблови қўйилди. Бир нафар ходим эса далилларни йўқ қилишда айбланмоқда.

Нью-Йорк бош прокурори Летиция Жеймс воқеага оид видеоларни эълон қилиб, бу ҳолатни "ҳайратланарли ва ташвишланарли" деб баҳолади. Видеоязувларда бир неча ходим маҳкумни назорат остида ушлаётган пайтда, бир муҳофазачининг Бруксга тепаётгани кўрилади. Кейинроқ, жароҳатланган маҳкум ўрнидан туришга ҳаракат қилганида, яна бир муҳофаза ходими уни елкасидан ушлаб, деворга уриб юборган.

Брукснинг танасида оғир жароҳатлар бўлгани ва у калтаклаш натижасида вафот этгани маълум қилинди.

Прокурорлар қамоқхона ходимлари "инсон ҳаётига нисбатан ахлоқсиз бефарқлик кўрсатгани ва ўлим хавфи туғдирувчи ҳаракатлар қилгани"ни таъкидлади.

Нью-Йорк губернатори Кэти Хокул воқеа ортидан Марси Ислоҳ муассасасидаги 14 нафар ходимни дарҳол ишдан бўшатиш буйруғини берди. У ўз баёнотида: "Ушбу ҳужумда иштирок этганлар ишдан бўшатилиши ва бу даҳшатли воқеа учун масъуллар жавобгарликка тортилиши керак", — деди.

АҚШда полиция ва қамоқхона ходимларининг қора танли маҳкумларга нисбатан зўравонлиги узоқ йиллардан бери муҳокама қилинаётган муаммолардан бири ҳисобланади. Бу воқеа 2020 йилда полициячи Дерек Шовиннинг қора танли Жорж Флойднинг бўйнига босиб, унинг ўлимига сабаб бўлган воқеани ёдга солди. Флойднинг ўлими бутун мамлакат бўйлаб йирик намойишларга сабаб бўлган ва полиция ислоҳоти чақириқларини кучайтирган эди.


Бошқа мақолалар