- 2023-12-08
Эль-Сальвадор давлат раҳбари Найиб Букеле Тинч океани кенгликларида Танзания байроғи
остидаги кемада ўтказилган операция натижасида 6 тоннадан ортиқ кокаин қўлга олинганини ва бу мамлакат тарихидаги энг муваффақиятли операция эканини маълум қилди. Мусодара этилган гиёҳванд моддаларнинг қиймати 165 миллион доллар экани айтилмоқда.
Эль-Сальвадор президенти Найиб Букеле ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Тинч океани очиқларида амалга оширилган операция ҳақида маълумот берди. Букеле ўз постида қуйидаги фикрларни билдирди:
“Миллий денгиз флотимиз Эль-Сальвадор тарихидаги энг йирик гиёҳванд моддалар савдосини фош этди. Қирғоқларимиздан 380 денгиз мили (703,7 километр) жануби-ғарбда, узунлиги 180 фут (54 метр) бўлган кўп мақсадли ёрдамчи кема гумонланувчи кемани тўхтатди. Африкадаги Танзания байроғи остида рўйхатдан ўтган кема яширин бўлмаларда 330 та пакетга жойланган жами 6,6 тонна кокаин олиб кетаётган бўлган. Гиёҳванд модданинг тахминий қиймати 165 миллион АҚШ долларига тенг.”
Гиёҳванд моддалар савдогарларига “кучли” зарба берилганини таъкидлаган Букеле: “Балласт танкларига яширилган гиёҳванд моддаларни аниқлаш учун миллий флотимиз ғаввослари жалб этилди. Текширув натижасида яшириш усули тасдиқланди ва моддалар мусодара қилинди. Кемада 10 нафар контрабандачи бор эди: 4 нафар Колумбия, 3 нафар Никарагуа, 2 нафар Панама ва 1 нафар Эквадор ватандоши”, дея тушунтириш берди.