Қозоғистонликлар декларация топшириш озод этилади


  • 21 Ноябрь, 2024
  • 20

Ҳукумат Қозоғистонда умумий декларациялаштириш бўйича муҳим баёнот билан чиқди.

Молия вазири Мади Такиевнинг хабар беришича, умумий декларациялаштиришнинг биринчи уч босқичида 4,8 миллион киши тизимга киритилган. Буларга давлат хизматчилари, тижорий ташкилот ва квазидавлат секторларидаги раҳбарлар ва таъсисчилар ҳамда уларнинг турмуш ўртоқлари киради.

2025 йилдан бошлаб декларация топшириши керак бўлган яна 8 миллион киши эса бундан озод этилди.

Молия вазирига кўра, декларация топширишдан озод этилган жисмоний шахсларнинг 90%дан ортиғи хусусий сектор ходимлари, нафақадагилар, уй бекалари, талабалар ва бошқа ватандошлардир.

Бош вазир Олжас Бектенов: “Ҳозирги вақтда 4 миллиондан ортиқ одам декларация топширмоқда. Улар орасида давлат хизматчилари, квазидавлат сектори ва бизнес вакиллари бор. Режага кўра, 2025 йилдан бошлаб барча қолган категориядаги аҳоли декларация топшириш керак эди. Бу эса аҳоли орасида хавотир уйғотди. Президентимиз мана шу нарсага эътибор қаратди ва аҳолига ортиқча иш бўлмаслиги учун биз буни бекор қилдик”, деди.

Бош вазирнинг таъкидлашича, давлат органларининг маълумотлар базаси деярли 100%га рақамлаштирилган. Бу эса жисмоний шахсларнинг барча мол-мулклари ҳақида маълумот ҳукуматда бор эканлигини кўрсатади.

Лекин жисмоний шахслар орасида Қозоғистондан ташқарида мол-мулки бўлганлар, йил давомида 20 минг МРПдан (74 миллион тенге) юқори нархга мол-мулк сотиб олганлар учун декларация топшириш мажбуриятини сақлаб қолиш таклиф этилмоқда.

Декларациялаштиришнинг биринчи босқичи 2021 йил 1 январдан бошланиб, давлат структурасида масъулиятли лавозимдагилар ва уларнинг турмуш ўртоқлари мол-мулклари ҳақида декларация топширди.

Иккинчи босқич 2023 йил 1 январдан бошланиб, бюджетдан маош оладиганлар, давлат хизматчилари, квазидавлат хизматчилари ҳамда уларнинг турмуш ўртоқлари декларация топширишди.

2024 йил 1 январдан бошланган учинчи босқичда навбат тадбиркорлар, раҳбарлар, таъсисчилар, юридик шахс иштирокчилари, якка тадбиркорлар ва уларнинг турмуш ўртоқларига келди.

Декларациялаштиришнинг якуний босқичида қолган барча аҳоли декларация топшириши шарт эди.


Бошқа мақолалар