Путин Курскка келди


  • 13 Март, 2025
  • 23

Россия президенти Владимир Путин Украина қўшинлари Курск вилоятига кирганидан кейин илк бор ушбу ҳудудга ташриф буюриб, ҳарбий камуфляжда қўмондонлик марказида брифинг олди. Трамп Россиядан ўт очишни тўхтатишни кутаётгани ва иқтисодий санкциялар билан таҳдид қилаётгани фонида Путин ҳарбий кийими билан жиддий сиёсий билдириш берди.

Кремль томонидан эълон қилинган видео хабарга кўра, Украина 2024 йил 6 август куни Россия чегарасини кесиб ўтганидан сўнг, Путин биринчи марта Курск вилоятига ташриф буюрди ва ҳарбий камуфляжда қўмондонлик марказига келди.

Путин мазкур ҳудуддаги вазият бўйича Россия Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовдан брифинг олди.

Герасимовнинг таъкидлашича, Украина армияси ўтган йил август ойида босиб олган Курск вилояти ҳудудининг 86 фоизи – 1100 квадрат километрдан ортиқ ер қайтариб олинган. Охирги 5 кун ичида 24 аҳоли пункти ва 259 квадрат километр ҳудуд озод қилинган. Шунингдек, Украина армиясининг Курск вилоятидаги йўқотишлари 67 минг аскардан ошганини қайд этди.

Герасимов: "Киев Курск вилоятида бир плацдарм барпо этиш ва буни музокара мавзуси қилишни хоҳлаган эди. Киевнинг Россия ҳудудидаги режалари муваффақиятсизликка учради", – деди.

Курск вилоятидаги Украина Қуролли Кучлари қўшинлари қамал қилингани, изоляция қилингани ва тизимли равишда йўқ қилинишда давом этмоқда. Герасимов: "Россия қўшинлари давлат чегарасига энг қисқа муддатда етиб бориш мақсадида ўз ҳудудини озод этишни давом этмоқда", – деди.

Путин эса нутқини Курск вилоятида Украина қўшинларини тор-мор қилган Россия ҳарбий қисми ва қўмондонларига миннатдорлик билдириш билан бошлади.

Курск вилоятидаги Украина ҳарбий кучларини энг қисқа муддатда йўқ қилиш зарурлигини таъкидлаган Путин: "Курск вилояти тўлиқ озод қилиниши ва давлат чегараси тикланиши лозим. Албатта, келажакда давлат чегараси бўйлаб хавфсизлик ҳудудини шакллантириш ҳақида ўйлашимиз керак", – деди.

Шунингдек, Путин Курск вилояти ҳудудида бўлиб, тинч аҳолига қарши жиноят содир этган, Россия хавфсизлик кучларига қаршилик кўрсатган Украина аскарлари Россия қонунлари бўйича "террорчи" деб ҳисобланишини ва уларга нисбатан ҳуқуқий жазо чоралари қўлланилишини маълум қилди.

Россия Курск вилоятида қўлга олинган асирларга "террорчи" сифатида муносабатда бўлишини таъкидлаган Путин: "Биз барча инсонларга инсонийлик билан муомала қиламиз ва бундан кейин ҳам шундай қилишда давом этамиз. Лекин хорижий ёлланма аскарлар 1949 йилдаги Женева конвенцияси доирасидаги ҳарбий асирлар тоифасига кирмаслигини эслатиб ўтмоқчиман", – деди.

Сўнгги пайтларда Курск вилоятидаги аҳоли пунктларини Украина аскарларидан озод қилган бўлинмаларга яна бир бор миннатдорчилик билдирган Путин: "Қўшинларимиз олдида турган барча жанговар вазифалар шартсиз бажарилишини ва Курск вилояти ҳудудининг яқин келажакда душмандан тўлиқ озод этилишини чин дилдан умид қиламан", – дея сўзини якунлади.


Бошқа мақолалар