Мормонлар черковида отишма


  • 29 Сентябрь, 2025
  • 18

Якшанба куни бир эркак ўз автомобили билан Мичигандаги мормонлар черковининг асосий эшикларига урилди ва ичкарига кириб, қуролдан ўт очди. Натижада икки киши ҳалок бўлди, саккиз киши яраланди. Сўнг у полиция билан бўлган отишмада ўлдирилди, деб хабар берди расмийлар.

Маълумотларга кўра, қуролланган эркак одам гавжум бўлган ибодат вақтида черков фасадига машинаси билан кириб келган, ўқ узган ва атайлаб ёнғин чиқарган. Бунинг натижасида катта ёнғин келиб чиққан. Полициянинг айтишича, ёниб кетган бинода ҳали қурбонлар бўлиши мумкин.

Гранд-Бланк полиция бошлиғи Уильям Ренье матбуот анжуманида ҳалок бўлганлар сони 4 нафарга етганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, икки киши ҳужумчининг ўқидан, яна икки киши эса унинг чиқарган ёнғинидан вафот этган. Жами 8 киши турли даражада жароҳат олган.

Ренье, воқеа пайтида бинода юзлаб одамлар бўлганини қўшимча қилди.

Маълумотларга кўра, полиция ходимлари ҳужумчи билан отишмага киришиб, уни ўлдирган. Терговчилар эркак шахсини аниқлади: у — қўшни Бертон шаҳрида истиқомат қилувчи собиқ Ироқ уруши ветерани 40 ёшли Томас Жейкоб Сэнфорд. Унинг ҳужум сабаблари ҳали номаълум.

АҚШ Президенти Дональд Трамп Truth Social сайтидаги баёнотида бу ҳодисани "АҚШдаги насронийларга қаратилган навбатдаги ҳужум" деб баҳолади ва воқеа жойида ФБР иш олиб бораётганини маълум қилди.

"Мамлакатимиздаги бу зўравонлик эпидемияси дарҳол тўхтатилиши шарт!" — деб ёзди у.

7700 нафар аҳолига эга Гранд-Бланк шаҳри Детройтдан тахминан 100 километр шимоли-шарқда жойлашган.

Ренье таъкидлашича, ҳужумга учраган черков фойдаланиб бўлмайдиган ҳолатга келган ва вайрона остида қўшимча ҳалок бўлганларни аниқлаш бўйича қидирув ишлари давом этмоқда.

Алкоголь, тамаки, ўқотар қуроллар ва портловчи моддалар бюроси (ATF) Детройт ҳудудий офиси вакили Жеймс Дейр эса ҳужумчи одамларга ўт очгандан кейин ёнувчи моддадан фойдаланиб, черковга ўт қўйганини билдирди. Унга кўра, ҳодиса жойида баъзи шубҳали портловчи қурилмалар топилган, аммо уларнинг ёнғин чиқариш учун қўллангани ҳозирча аниқланмаган.


Бошқа мақолалар