Путин ва Трамп ўртасида музокаралар бўлиб ўтди


  • 19 Март, 2025
  • 22

18 март, сешанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин телефон орқали суҳбатлашди. Суҳбат икки ярим соат давом этди.

Кремль Владимир Путин ва Дональд Трамп ўртасидаги телефон суҳбатининг натижалари ҳақида баёнот берди.

Президентлар "Украина атрофидаги вазият юзасидан батафсил ва очиқ фикр алмашишни давом эттиришди", деб хабар қилинди.

"Тинч йўл билан муаммони ҳал қилишга қатъий содиқлигини тасдиқлаган ҳолда, Россия президенти можарони бартараф этиш бўйича Америка ҳамкорлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Бу ечим мукаммал, барқарор ва узоқ муддатли бўлиши керак. Албатта, инқирознинг асосий сабабларини бартараф этиш ва Россиянинг хавфсизлик бўйича қонуний манфаатларини ҳисобга олиш зарур", – дейилади баёнотда.

Суҳбат натижасига кўра, Путин Трампнинг Россия ва Украина 30 кун давомида энергетика инфратузилмасига зарба бермаслик ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлади ва тегишли кўрсатмаларни ҳарбийларга берди.

Шунингдек, Путин Трампнинг Қора денгизда кемалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ташаббусини ижобий қабул қилди. Бу бўйича қўшимча муҳокамалар ўтказиш ва тафсилотларни аниқлаштириш учун музокаралар бошлашга келишиб олинди.

Трампнинг Курск вилоятида қуршовда қолган украин ҳарбийларининг ҳаётини сақлаб қолиш бўйича илтимосига жавобан, Путин таслим бўлган тақдирда Россия украин ҳарбий хизматчиларининг ҳаёти ва уларга нисбатан Россия қонунлари ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ муносабат кафолатланишини тасдиқлади.

Кремль, шунингдек, музокаралар давомида “Украина ҳарбийлари томонидан Курск вилоятида тинч аҳолига қарши содир этилган шафқатсиз террористик жиноятлар”га эътибор қаратганини маълум қилди.

Москва можарони сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал этиш учун "Киевга чет эл ҳарбий ёрдамини ва разведка маълумотларини етказиб беришни тўлиқ тўхтатиш" муҳим шарт бўлиши кераклигини урғулади.

Музокараларнинг яна бир натижаси – Россия ва Украина ўртасида ҳарбий асирларни алмашиш бўйича келишувга эришилди. Бу "175 га 175" формуласи бўйича амалга оширилади.

Икки давлат раҳбарлари Украина можаросини ҳал этиш бўйича икки томонлама музокараларни давом эттириш ниятини тасдиқладилар. Бу мақсадда Россия ва АҚШ эксперт гуруҳлари ташкил этилиши белгиланди.


Бошқа мақолалар