- 2024-02-23
АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трампнинг илк матбуот анжумани тортишувларга бой бўлди. Мазкур анжумандан бир кун аввал Американинг айрим нашрлари Трампни обрўсизлантирувчи маълумотлар мавжудлиги ҳақида хабарлар тарқатган эди. Хусусан, CNN телеканали, Америка хизматлари Россия айғоқчилари томонидан Трампга нисбатан маълумотлар тўпланганини гумон қилаётгани ҳақида маълум қилганди. BuzzFeed портали эса, “разведка ҳужжати”ни тўлиқ эълон қилишга ҳам журъат этди.
Шу билан бирга, текширилмаган ва тасдиқланмаган маълумотларнинг ошкор қилиниши кўплаб жаҳон нашрлари танқидига учради. Сайланган президентнинг ўзи ҳам “адолатсиз ОАВ”ни кескин қоралади.
Трамп унга савол беришни истаган CNN мухбирига рухсат бермади. Савол беришга уринган CNN мухбирига “Илтимос, жим бўлинг. Қўполлик қилманг” деган Трамп “Сизлар ёлғон хабар тарқатадиган ташкилотсиз. Сизга савол беришга рухсат йўқ” деди.
Трампнинг сўзларига кўра, агар ушбу хабарлар эълон қилинишида махсус хизматларнинг қўли бор бўлса, бу уларнинг обрўсига путур етказади.