- 2023-11-24
Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ билан фойдали қазилма бойликлар бўйича келишув лойиҳасига оид маълумотлар оммавий ахборотга сизиб чиққани юзасидан мамлакат хавфсизлик хизматига (СБУ) суриштирув ўтказишни топширди. Бу жараёнда полиграф — ёлғонни аниқлаш қурилмасидан ҳам фойдаланилмоқда. Бу ҳақда Британиянинг Financial Times нашрига таянган ҳолда "Украинская правда" хабар берди.
Текширув Украина ва АҚШ ўртасида стратегик минераллар ҳамда энергетика активларига оид таклиф этилган шартлар юзасидан кескин тортишувлар кучайган бир пайтда бошланган.
Нашр маълумотларига кўра, Украина расмийлари АҚШ томонидан сўнги пайтларда илгари сурилаётган талаблар кўламига тайёр эмасликларини билдиришган. Уларга кўра, АҚШ томонининг айрим таклифлари Украина инфратузилмасидан фойдаланиб, фойда олишга қаратилган бўлиб, сиёсий жиҳатдан қабул қилиб бўлмайдиган даражада.
Манбалар маълум қилишича, айрим вазирликлар ходимларига нисбатан полиграф орқали сўроқ ўтказилган, бироқ сўроқ қилинган шахслар сони ва батафсил тафсилотлар ошкор этилмаган.
Украина президенти офиси бу масала бўйича изоҳ беришдан бош тортган. Украина хавфсизлик хизмати эса ўз баёнотида фақат қонуний доирада ҳаракат қилаётганини, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун айрим тафсилотларни сир сақлаш кераклигини қайд этган.
Текширув 26 март куни мухолифат депутати Ярослав Железняк томонидан ушбу келишув лойиҳасининг айрим маълумотлари ошкор этилганидан сўнг бошланган. Железняк ҳужжат нусхасини қўлга киритганини маълум қилган ва унда АҚШ томонидан хавфсизлик кафолатлари ҳақида “ҳатто имо ҳам йўқ” деб баҳо берган.
Бундан аввал, Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига НАТО қароргоҳида АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан учрашиб, Украинадаги “энергетик тўхтам” ва ер ости бойликлари бўйича келишув масалаларини муҳокама қилганини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам Украина раҳбарини минераллар бўйича келишувдан “воз кечишга уринишда” айблаб, Зеленский келишувни имзоламаса, “катта муаммоларга дуч келиши” мумкинлигини айтган эди.