- 2014-02-19
Покистонда ниқоб кийган қуролли шахслар куппа-кундуз Ҳайбар-Пахтунхва вилояти коммунал хўжалик
вазири Фазал Шакур Хонни ўғирлаб кетишди. Амалдорнинг автомобили ғилдираклари ўққа тутилиб, унинг ўзи эса куч билан бошқа машинага ўтказилган.
Ҳужумчилар вазирнинг автомобилини Покистоннинг йирик шаҳри ва Ҳайбар-Пахтунхва вилоятининг пойтахти бўлган Пешоварга киришда тўсиб қўйишди. Ҳужумчилар амалдор ҳаракатланаётган машинанинг ғилдиракларига қарата ўт очишди, шундан сўнг уни ва унга ҳамроҳлик қилаётган шахсларни ўз транспорт воситасига куч билан ўтказиб, ғойиб бўлишди. Воқеа кундуз куни содир бўлган ва гувоҳлар томонидан тасвирга олинган.
Хабар қилинишича, вазир Пешоварга вилоят парламенти йиғилишига кетаётган бўлган. Ўғирлаб кетилган вазир вакили бўлган “Адолат учун ҳаракат” (PTI) партияси содир бўлган воқеани “конституция, демократия ва халқ мандатига қарши тўғридан-тўғри ҳужум” деб атади.
Вазирнинг оиласи аллақачон Пешовар судига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни амалдорни топишга мажбур қилиш ва тергов ўтказиш учун махсус комиссия тузиш талаби билан мурожаат қилди. Аризачилар шуни таъкидлайдилар: агар вазир бирон-бир давлат тузилмалари ёки махсус хизматлар томонидан расмий айблов қўйилмасдан ушланган бўлса, уни зудлик билан судга олиб келиш ва озод қилиш шарт.