- 2021-10-16
Исроил полицияси яқин кунларда мамлакат бош вазири Биньямин Нетаньяхуни коррупцияга гумон билан сўроқ қилади, деб хабар бермоқда "Хаарец" газетаси.
Шу билан бирга Исроил телеканаллари сўроқ қилиш 2 январда бош вазир қароргоҳида ўтказилиши мумкинлигини маълум қилишган.
Нетаньяху ва унинг оила аъзолари тадбиркорлардан юз минглаб шекел (Исроил пул бирлиги) турувчи совғалар олишда гумон қилинишмоқда. Полиция ушбу иш бўйича Исроил ва хориждаги гувоҳларни сўроқ қилиб бўлди. Маълум қилинишича, улардан бири, бош вазирнинг дўсти – тадбиркор Рон Лаудернинг кўрсатмалари ишнинг тергов қилинишида катта олдинлашга олиб келган. Тадбиркорнинг таъкидлашича, Нетаньяху ундан турли совғалар олган ҳамда унинг ўғли Яирнинг хорижга сафарига хомийлик қилган.
Ҳуқуқ-тартибот муассасалари бош вазирнинг сўроқ қилиниши бошқа бир жиддийроқ ишга ойдинлик киритишига умид қилишмоқда. Иккинчи иш тафсилотлари ошкор қилинмаган.
Бош вазирнинг ўзи барча айбловларни инкор қилмоқда. "Улар ҳеч нарсага келишмайди, чунки ҳеч нарса йўқ", деб айтди Исроил бош вазири.
kun.uz дан олинди.