- 2014-11-27
АҚШ Президенти Дональд Трамп, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан ажойиб муносабатлари борлигини таъкидлаб, “У 2000 йилдир ҳеч ким уддалай олмаган ишни уддалади, Сурияни эгаллади”, деди.
Трамп, “ОАВ менинг Эрдўғонни ёқтиришимни хушламайди, лекин мен уни ёқтираман, у ҳам мени ёқтиради. Эрдўғон жуда кучли ва ақлли инсон”, деди. Шунингдек, у Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхуга Туркия билан бўлган муаммоларни ҳал қилиш мумкинлигини билдирди.
Трамп, Оқ уйда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху билан учрашувидан сўнг берган баёнотида президент Эрдўғон ҳақида илиқ фикрлар билдирди. У Эрдўғон билан муносабатларининг жуда яхши эканини таъкидлар экан, Туркиянинг Суриядаги роли жуда муҳимлигини қайд этди.
“Эрдўғон исмли бир инсон билан муносабатларим жуда яхши. ОАВ менинг уни ёқтиришимни ёқтирмайди, лекин мен уни ёқтираман, у ҳам мени ёқтиради. Бизда ҳеч қандай муаммо бўлмаган”, деди Трамп.
Туркия Сурияда ҳеч ким уддалай олмаган ишни уддалаганини таъкидлаган Трамп, “Эрдўғон жуда кучли ва зеҳнли инсон. У бошқалар уддалай олмаган ишни уддалади. Унинг ҳаққини бериш керак”, деди.
Исроил бош вазири Нетаняхунинг “Сурияда Туркия билан муаммоларимиз бор” деган баёнотига жавобан Трамп, “(Сурия масаласида) Туркия билан бўлган ҳар қандай муаммони ҳал қила оламан деб ўйлайман. (Нетаняхуга қараб) Сиз оқилона ёндашсангиз, биз ҳам оқилона бўламиз”, дея таъкидлади.
Трамп шундай давом этди: “Туркия ва унинг раҳбари билан муносабатларим жуда яхши. Бу муаммони ҳал қила оламиз деб ўйлайман. Айни пайтда бу жиддий муаммо бўлади, деб ўйламайман.”
Эрдўғоннинг Суриядаги роли ҳақида фикр билдирган Трамп: “Мен унга айтдим: ‘Табриклайман, сен 2000 йилдан бери ҳеч ким уддалай олмаган ишни уддаладинг. Сурияни эгалладинг’, дедим”, деб сўзини давом эттирди.
Эрдўғоннинг жавобини ҳам айтиб ўтган Трамп: “У менга, ‘Йўқ, мен эгаллаганим йўқ’, деди. Мен эса: ‘Албатта, сен эгалладинг, сен уддаладинг’ дедим. У ҳам ‘Балким мен эгаллаганман’, деди”, дея сўзларини якунлади.