Бангладеш Исроилни расман рад этди


  • 14 Апрель, 2025
  • 24

Бангладеш Исроилни расман рад этди. Вақтинчалик ҳукумат ватандошларнинг Исроилга саёҳат қилишини тақиқловчи “Исроилдан ташқари” иборасини паспортларга қайта жорий этди. Бу қарор Газодаги ҳужумлардан сўнг Даккада ўтказилган “Эркин Фаластин” митингидан кейин кучга кирди.

Бангладеш Ички ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган янги кўрсатмага кўра, паспортларда “Бу паспорт Исроилдан ташқари барча давлатлар учун амал қилади” деган ибора яна қўлланила бошланди.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, қарор пойтахт Даккада минглаб киши иштирокида ўтказилган “Эркин Фаластин” митингидан кейин қабул қилинди. Намойишда Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий операциялари кескин қораланган эди.

“Исроилдан ташқари” ибораси 2009–2024 йиллар давомида бош вазир бўлган Шайх Ҳасина Вожид ҳукмронлигида, “халқаро стандартларга мослашиш” сабаби билан, 2021 йил май ойида паспортлардан чиқариб ташланган эди. Янги қарор билан бу амалиёт қайта жорий этилди.

2024 йил июль ойида Бангладешда Мустақиллик уруши қатнашчиларининг фарзандлари учун давлат хизматларида ажратилган квоталарга қарши бошланган норозиликлар бутун мамлакат бўйлаб тарқалди. Талабалар етакчилигидаги намойишлар зўравонликларга айланиб кетди, юзлаб одамлар ҳалок бўлди, минглаб киши ҳибсга олинди.

Норозиликлар давомида бош вазир Шайх Ҳасина расмий қароргоҳини тарк этиб, ҳарбий вертолёт орқали Ҳиндистонга қочиб кетди. Шу вақтда норозилар унинг қароргоҳини эгаллаб олди. Кейинчалик мамлакат бошқаруви вақтинчалик ҳукуматга топширилди.

2024 йил 8 август куни Нобел тинчлик мукофоти соҳиби Муҳаммад Юнус вақтинчалик ҳукумат раҳбари сифатида қасамёд қилган ҳолда лавозимга киришди. Ўша йилнинг октябрь ойида Шайх Ҳасинага нисбатан инсониятга қарши жиноятлар содир этгани айблови билан ҳибсга олиш қарори чиқарилди.

2025 йил 6 январь куни Халқаро жиноят суди (ҲЖС) Шайх Ҳасинага нисбатан “зўравонлик билан озодликдан маҳрум қилиш” айблови билан иккинчи бор ҳибсга олиш қарори чиқарди.


Бошқа мақолалар