- 2025-06-20
Оқ уйнинг юқори лавозимли вакиллари фикрича, айрим Европа етакчилари омма олдида АҚШ президенти Дональд Трампнинг Украинадаги урушни тугатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаётгандек кўринади, аммо амалда жангларни тўхтатишга йўл қўймаслик учун яширин ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Axios портали хабар берди.
Материалда қайд этилишича, Трамп ва Россия президенти Владимир Путин саммити ўтганига икки ҳафта бўлишига қарамай, урушни тўхтатиш борасида сезиларли натижа кузатилмади. Трамп маъмурияти ёрдамчиларига кўра, бунга АҚШ ёки Россия раҳбарлари эмас, балки Европа иттифоқчилари сабабчи.
"Оқ уй расмийлари Европанинг айрим етакчиларига нисбатан сабр-тоқатини йўқотмоқда. Улар Украинадан Россияга номақбул ҳудудий имтиёзлар беришни талаб қилмоқда", — дейилади хабарда.
АҚШ мансабдорларига кўра, Европа Киевни "яхшироқ келишув"га эришишга ва максималистик йўл тутишга босим қилмоқда. Бу эса, Трамп атрофидагилар фикрича, вазиятни фақат янада мураккаблаштирмоқда.
"Келишувга эришиш — имконият санъати. Аммо айрим европаликлар ҳали ҳам хаёлий дунёда яшаяпти, икки томон иштирокисиз “танго” мумкин эмаслигини англамайди", — деди Оқ уйнинг юқори мартабали вакили.
Вашингтондаги бошқа бир мансабдор эса Трамп тарафидан шундай фикр билдирилганини маълум қилди: агар тарафлардан бири ёки ҳар иккала томон ҳам кўпроқ эҳтиёткорлик ва мослашувчанлик намоён этмаса, у дипломатик уринишларни вақтинча тўхтатиш масаласини жиддий кўриб чиқмоқда.
Шу билан бирга, музокараларда иштирок этаётган Европа расмийси АҚШ томонидан айтилган айбловлардан ҳайратда қолганини билдирди. Унга кўра, Европа ва Вашингтон ўртасида бундай катта ихтилоф йўқ. Европа мамлакатлари аллақачон Россияга қарши янги санкциялар пакети устида иш олиб бормоқда.
Аввалроқ АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Украина ва Россия билан олиб борилган музокаралар ҳақида гапирган ва Зеленский билан Путин учрашувига ишонч билдирган эди. Аммо Трампнинг ўзи бу учрашув бўлиб ўтишидан шубҳаланишини айтган.