Чивинлар ўлим сочмоқда


  • 8 Сентябрь, 2025
  • 12

Бангладешда денге безгаги ҳолатлари критик даражага етди. 24 соат ичида 580 киши шифохонага мурожаат қилди, 3 киши вафот этди. Жорий йил денгеден ҳалок бўлганлар сони 135 нафарга етди.

Бангладешда чивинлар орқали юқадиган бу хасталик хавотирли суръатда ўсмоқда. Сўнгги бир суткада 580 киши юқори ҳарорат ва ҳолсизлик сабаб шифохонага ётқизилди, улардан 3 нафари ҳалок бўлди. Шу тариқа 2025 йил бошидан бери денгеден вафот этганлар сони 135 нафарни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш хизматлари бош бошқармаси маълумотларига кўра, 2025 йил бошидан буён жами 34 минг 411 киши денгега чалинган, 1571 бемор шифохоналарда даволанмоқда. 2024 йилда эса бу касалликдан 575 киши вафот этгани қайд этилган эди.

Денге безгаги — тропик ва субтропик ҳудудларда кенг тарқалган, чивинлар орқали юқадиган вирусли касаллик. Инкубация давридан кейин, одатда, юқори ҳарорат, бош оғриғи, мушак ва бўғим оғриқлари билан намоён бўлади. Кўп ҳолатларда енгил кечса-да, баъзан оғир асоратларга ва ўлимга олиб келиши мумкин.

Денге ҳолатлари кўпинча март, июн, сентябрь ва декабр ойларидаги “ёғингарчилик мавсумлари”да кескин ортиб кетади. Олимлар юқори ҳарорат ва узоқ давом этувчи ёмғирлар денге ва безгак ташувчи чивинларнинг кўпайишига замин яратишини таъкидламоқда.

Касалликка олиб келувчи чивин турлари сув тўпланадиган жойларда личинка қўяди. Шунинг учун саноат ҳудудларидаги чиқиндилар ва сув тўпланишини мунтазам равишда дорилаш муҳим аҳамиятга эга. Мутасаддилар аҳолидан шахсий ҳимоя чораларини кучайтиришни, чивинга қарши воситалардан фойдаланишни ва касаллик белгилари сезилганда шифокорга мурожаат қилишни тавсия этмоқда.

Бангладешда денге ҳолатларининг ортиши аҳоли соғлиги учун жиддий хавф бўлиб қолмоқда. Мутасаддилар огоҳлантирмоқда: агар чора кўрилмаса, қурбонлар сони янада ортиши мумкин.


Бошқа мақолалар