- 2019-12-10
Қозоғистон Молиявий бозорни тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги раиси ўринбосари Олжас Кизатов жисмоний шахсларнинг депозитларига чекловлар жорий этиш режалари ҳақида маълум қилди.
Сенатда ўтказилган давра суҳбатида маълум қилинишича, жисмоний шахсларнинг муддатли ва омонат депозитларининг умумий ҳажми 10 миллион тенгеден ошмаслиги мумкин. Бу чеклов асосий лицензияга эга банкларга тааллуқли бўлади. Уларнинг минимал устав капитали 10 миллиард тенгени ташкил этади.
Кизатов Сенатдаги брифингда шундай деди:
“Банклар томонидан депозитларни жалб этишдаги хатарларни чеклашни таклиф қилмоқдамиз. Юридик шахсларга нисбатан бу чекловлар қўлланилмайди. Аммо жисмоний шахслар учун максимал сумма 10 миллион тенгеден ошмаслиги керак деб ҳисоблаймиз. Чунки жисмоний шахслар — ижтимоий жиҳатдан энг ҳимояга муҳтож банк мижозларидир. Депозит — бу, шартли равишда, банкнинг мажбурияти ҳисобланади. Шу боис, ушбу мажбуриятларнинг ҳажмини чеклашни таклиф этмоқдамиз”.
Аввалроқ Кизатов Қозоғистонда айрим тоифадаги шахсларга кредит ва қарз беришни чеклаш режалари ҳақида ҳам маълум қилган эди.