- 2023-03-06
Қозоғистонда вице-президент лавозими жорий этилади. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев
Миллий қурултой йиғилишидаги нутқида маълум қилди.
“Гап Қозоғистон Республикаси вице-президенти институтини ташкил этиш ва уни Конституцияда тегишли тартибда мустаҳкамлаш ҳақида бормоқда. Вице-президентни Президент Парламент розилиги билан оддий кўпчилик овоз орқали тайинлайди. Унинг ваколатлар доирасини Давлат раҳбарининг ўзи белгилайди”, — деди Давлат раҳбари.
Президентнинг сўзларига кўра, вице-президент Давлат раҳбарининг топшириғига биноан халқаро форумларда ва хорижий делегациялар билан музокараларда Қозоғистон манфаатларини ифода этиши, Парламентда Президент вакили бўлиши, шунингдек, мамлакат ичидаги ва чет элнинг ижтимоий-сиёсий, илмий ва маданий-маърифий ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, у Президентнинг бошқа топшириқларини ҳам бажаради.
Давлат раҳбари вице-президентнинг хизмат вазифаларига оид асосий қоидаларни Конституция матнида акс эттириш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Қизилўрда шаҳрида 12 январь куни эълон қилинган Миллий қурултойнинг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Президент ёрдамчиси — матбуот котиби Руслан Желдибай аввалроқ хабар берганидек, тадбир давомида Қосим-Жўмарт Тўқаев нутқ сўзлаб, Қозоғистонни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб беради ва ижтимоий ҳаётнинг долзарб масалаларига тўхталади.