- 2012-11-26
Бугун Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокаралари бўлиб ўтадиган Истанбул дунё ҳамжамиятининг диққат марказида. Украина раҳбари Зеленский Истанбулга келиши ҳақида маълум қилган бўлса, Россия Президенти Путин музокараларда шахсан иштирок этмаслигини билдирган. Россия делегацияси Украина билан ўтказиладиган музокараларга тайёргарлик кўриш мақсадида Истанбулга етиб келди.
Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги маълум қилишича, учрашув соат 10:00 да Долмабахче саройида бошланади. Ахборотда учрашув оммавий ахборот воситалари учун ёпиқ ўтади, деб қайд этилган.
ТАСС агентлигининг хабарига кўра, Россия делегацияси пайшанба куни Истанбулга келган. Делегацияга Путиннинг маслаҳатчиси Владимир Мединский раҳбарлик қилади. Таркибда Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин, Бош штабнинг асосий бошқармаси раҳбари Игор Костюков ва Мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин бор.
Мутахассислар рўйхатида эса Россия Бош штаби Ахборот бошқармаси раҳбари ўринбосари Александр Зорин, Президент ҳузуридаги Инсонпарварлик сиёсатлари бошқармаси раҳбари ўринбосари Евгения Подобрееваская, Ташқи ишлар вазирлигининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўлими бошлиғи Александр Полищук ҳамда Мудофаа вазирлигининг Халқаро ҳарбий ҳамкорлик бошқармаси раҳбари ўринбосари Владимир Шевцов ҳам бор.
Аввало Украина президенти Зеленский Анқарада Туркия президенти Эрдўғон билан учрашади. Россия президенти Путин ва АҚШ президенти Трамп эса Истанбулга келмаслиги маълум қилинди.