«Гитлернинг издошлари»


  • 18 Сентябрь, 2025
  • 14

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон яна бир бор Исроил ҳаракатларини қоралаб, Анқаранинг Ғазо халқига ёрдам ва Шарқий Қудусдаги ҳуқуқларни ҳимоя қилишда қатъий мавқега эга эканини тасдиқлади.

Эрдўғон таъкидлашича, Туркия ҳеч кимга муқаддас Қудусни таҳқирли қўллар билан булғашга йўл қўймайди.

«Мен биламан, Гитлерга тақлид қилаётганларнинг ичидаги оғриқ ҳеч қачон йўқолмайди», — деди турк етакчиси.

Шу билан бирга давлат раҳбари Ғазо секторига қилинган Исроилнинг узлуксиз ҳужумларига эътибор қаратди.

«Исроилнинг шафқатсиз ҳужумлари остида тирикчилик учун курашаётган мазлум Ғазо халқини қўллаб-қувватлашимизга ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди. Террорчи ташкилот бўладими ёки давлатми — террор ва оммавий қатлиом маънавий ҳамда ақлий таназзулнинг кўриниши. Бизнинг минтақамизни боғлаб турган бу “қонли занжир” барибир бир кун келиб узилади», — деди Эрдўғон.

У Туркия адолатли тинчлик учун курашни давом эттиришини, бу тинчлик эса ҳақиқатга асосланиши лозимлигини таъкидлади.

«Туркия шундай бир дунё тартибига ишонадики, унда ҳақиқат кучга эмас, балки куч ҳақиқатга таянади. Бугун мамлакатимиз ички ҳамда минтақавий майдонда ўз стратегиясини мустақил равишда белгилаш ва амалга ошириш қудратига эга», — дея баёнот берди давлат раҳбари.

Эрдўғон шунингдек, Суриядан то Яманга, Ливандан то Қатаргача бўлган минтақада Исроил тажовузига дуч келаётган барча мусулмонлар билан тўлиқ ҳамжиҳатликда бўлишини билдирди.

«Зулм, геноцид ва бегуноҳ болалар ҳаёти ҳисобидан хавфсиз келажак қурмоқчи бўлганлар ютқазадилар ва ўзлари тўккан қон ичида “чўкиб кетадилар”. Улар ғазабдан титрашда давом этсин. Биз, мусулмонлар, Шарқий Қудусдаги ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишда орқага бир қадам ҳам тортмаймиз», — дея қўшимча қилди президент.


Бошқа мақолалар