Нефть туфайли алоқалар совуқлашди


  • 10 Март, 2026
  • 8

Исроилнинг Эрондаги нефть омборларига ҳужум қилиши Вашингтонда эътирозларга сабаб бўлди. АҚШ ОАВлари ушбу ҳужум президент Трамп ва Нетаньяху ўртасида кескинлик келтириб чиқарганини ёзмоқда.

АҚШ маъмурияти Исроилнинг Эрондаги нефть омборларига уюштирган ҳаво ҳужумлари кўламидан норози экани иддао қилинди. “Axios” хабар сайтининг соҳадан хабардор манбаларга таяниб берган маълумотига кўра, Исроилнинг Эрондаги нефть омборларига берган зарбалари Вашингтон кутганидан кўра “кенгроқ кўламда” амалга оширилган.

Манбаларнинг таъкидлашича, Исроил операциядан олдин АҚШни хабардор қилган, бироқ ҳужумларнинг миқёси икки иттифоқчи ўртасида фикр ихтилофини келтириб чиқарган. АҚШлик мулозимлардан бири бундай қадамларни “яхши фикр деб ҳисобламасликларини” таъкидлаб, юзага келган келишмовчиликлар ва АҚШнинг уруш борасидаги кутилмалари юқори даражадаги сиёсий музокараларда муҳокама қилиниши кутилаётганини билдирди.

Хабарда айтилишича, АҚШ президенти Дональд Трампнинг маслаҳатчиларидан бири, президентнинг “нефтни ҳимоя қилишни истаётганини” қайд этган.

АҚШ ва Исроил Эрон пойтахти Теҳрон ва унинг атрофидаги нефть омборларини нишонга олган эди. Эрон армияси эса мамлакатдаги энергия инфратузилмасига ҳужумлар давом этса, минтақадаги нефть иншоотларини нишонга олиши ҳақида огоҳлантирганди.

Бошқа томондан, АҚШ президенти Дональд Трамп “Times of Israel” хабар сайтига интервью берди. Ўзи ва бош вазир Биньямин Нетаньяху Исроилни йўқ бўлишдан қутқариб қолганини даъво қилган Трамп шундай деди:

“Эрон Исроилни ва унинг атрофидаги ҳамма нарсани йўқ қилмоқчи эди. Биз эса биргаликда ишладик ва Исроилни йўқ қилмоқчи бўлган мамлакатни йўқ қилдик.” Трамп Эронга қарши олиб борилаётган уруш қачон тугаши ҳақида якка ўзи қарор қабул қиладими ёки Нетаньяху билан биргаликдами, деган саволга:

“Ўйлайманки, бу бироз шерикликда бўлади. У билан гаплашиб турибмиз. Тўғри вақтда қарор қабул қиламан, бироқ барча омиллар инобатга олинади”, деб жавоб берди.

Трампнинг сўнгги баёнотларидан кейин “Brent” маркали нефть нархи кескин тушиб кетди. Тунги соатларда бир баррель нефть нархи 82 долларгача пасайди.

Шу билан бирга, Эрон Парламенти раиси Муҳаммад Бақир Қолибоф шундай деди:

“Эронда ҳаётимиз, халқимиз ва эътиқодимиз диний тамойилларга асосланган ва биз шу асосда яшаймиз. Урушда бутун иймонимиз билан майдондамиз.”

Эрон урушни бошлаган томон эмаслигини таъкидлаган Қолибоф:

“Уларнинг ҳар бир ҳаракатига муносиб жавоб қайтарилади. Трамп билсинки, биз таслим бўлмаймиз ва мардларча жанг қиламиз”, деб қўшимча қилди.


Бошқа мақолалар